АсосийJamiyat

“Адолат“ СДП “Миллий тикланиш“ партиясини кўчирмакашликда айбламоқда

'“Адолат“ СДП “Миллий тикланиш“ партиясини кўчирмакашликда айбламоқда'ning rasmi

Сайловлар вақтида “Миллий тикланиш” демократик партиясининг бош шиори ва у томонидан олиб борилган пиар-кампания жараёнлари Туркиянинг “Адолат ва тараққиёт” партиясиникидан кўчирилгани тўғрисидаги фикр-мулоҳазалар қизғин муҳокама қилинган эди. Бу ҳолат партиянинг сайловдаги имижига ҳам салбий таъсир қилмай қолмади.

"Куни кеча “Миллий тикланиш"чилар бу борада яна бир бор “маҳорат” кўрсатишди, деб хабар берди “Адолат” СДП Матбуот хизмати. Энг қизиғи энди хориждан эмас, ўзимиздан, яъни “Адолат” СДПдан кўчиришди. Сиёсий партиянинг ўз рақобатчисидан кўчиришини қандай изоҳлаш мумкинми? Бу тан бериш, андоза олишми? Майли, қаршилигимиз йўқ!" дейилади раддияда. Хўш, гап нимада?

Хуллас, “Миллий тикланиш” газетасининг 11 март сонида Умид Арслонбеков муаллифлигида “Нега фракциялар ўз позициясини эълон қилмаяпти?” сарлавҳали мақола эълон қилинади.

Энг қизиғи мазкур мақола анча аввалроқ “Адолат” СДП Матбуот хизмати сектор мудири Фарруҳ Абдуҳамидов томонидан ёзилган бўлиб, жорий йилнинг 25 февраль куни ўзининг телеграммдаги Altruist каналида “Нега парламент фракциялари позицияси маълум қилинмади?” сарлавҳаси (шу ўринда азиз ўқувчидан ҳар икки мақоланинг сарлавҳасига эътибор қаратишни сўрайман!) билан эълон қилинган эди. Бундан ташқари Мазкур мақола айни шу куни Фейсбукдаги “Депутатлар минбари” саҳифасида ҳам ёритилган.

Буни қарангки, ушбу мақола “Миллий тикланиш”чиларга ёқиб қолибди шекилли, шартта ўз газеталарининг 11 март кунги 10-сонида биринчи саҳифадан бошлаб, (“Миллий тикланиш” газетасига хос бўлган ўқловдай-ўқловдай ҳарфлардаги сарлавҳа билан!) Умид Арслонбеков муаллифлигида чоп этиб юборибди.

Ҳайратланарли жиҳати, мақола бирон-бир ўзгаришсиз, (айрим сўзларнинг ўрин алмашинувини айтмаганда) Фарруҳ Абдуҳамидовнинг телеграмм каналидагидек эълон қилинибди.

Бугунги кунда айрим нашрларда кўчирмакашлик ривожланганидан кўз юмиб бўлмайди. Бундай салбий ҳолатлар сиёсий нашрлар томонидан ҳам танқид остига олинган. Аммо мамлакатимиздаги етакчи сиёсий кучлардан бири бўлган “Миллий тикланиш” ДПнинг бош нашрининг тайёр мақолани кўчирмакашлик билан нашр этиши уятли ҳолат эмасми?!

Хуллас, ушбу ҳолат бўйича “Миллий тикланиш"чилардан бирор бир изоҳ кутиб қоламиз деймиз-у, аммо ҳаммаси очиқ-ойдин кўриниб турган вазиятда изоҳга ўрин бормикан.

Шундай бўлса ҳам, хулоса чиқаришга шошилмаймиз. Кутайлик-чи, ким билсин, балки бирор бир техник носозлик, ёки “хакер“лар ҳужумига учраш ҳолати кузатилгандир...

Бошқа янгиликлар