АсосийJamiyat

Сенаторлар жойлардаги экологик ҳолатларни ўрганишмоқда

'Сенаторлар жойлардаги экологик ҳолатларни ўрганишмоқда'ning rasmi

Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология  қўмита раиси Баҳодир Тожиев бошчилигида ишчи гуруҳи ташкил этилиб, экология масалалари бўйича келиб тушган бир қатор аризалар жойига чиқиб ўрганилди.

Мирзо Улуғбек тумани, “Элобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Буюк Ипак йўли кўчасида 2020 йил январь ойида бир қатор фуқаролар томонидан ободонлаштириш ишлари олиб бориш вақтида дарахтлар ноқонуний равишда кесилганлиги аниқланди. Бу билан Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуни 37–моддаси қўпол равишда бузилган.

Албатта, бундай ҳуқуқбузарлик жазосиз қолмади. Ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этган фуқароларга жойида баённома расмийлаштирилиб, улар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий  Жавобгарлик тўғрисидаги  Кодекснинг 79-моддасига асосан жами 14 718 000 сўм миқдорда жаримага тортилган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги  қарорига мувофиқ ўсимлик дунёсига 67512750  сўм миқдорда моддий зарар етказилганлиги аниқланган.

Ўсимлик дунёсига етказилган зарар ўрнини қоплаш мақсадида ушбу ҳудуд бўйлаб 500 дона қарағай дарахтини экиш ишлари ташкил этилди.

Шунга ўхшаш яна бир ҳолат - фуқаро Иброҳим Ҳошимов аризасига кўра, Юнусобод тумани, Чинобод кўчасида жойлашган қурилиш майдони  ўрганилди.

Аниқланишича, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга рухсатнома олиш мақсадида “EVRO HOUSE” МЧЖ томонидан  2019 йил 12 ноябрда Давлат хизматлари марказига ариза билан мурожаат этилган. Унинг  юзасидан Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси давлат инспектори масалани жойига чиқиб ўрганган ва тегишли далолатнома расмийлаштирилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги  Фармонига асосан жами 20 дона мевали ва манзарали дарахтларнинг кесилишига рад жавоби берилган.

Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан бу ерда етти қаватли турар жой мажмуаси қурилаётганлиги ва қонун бузилиш ҳолатлари йўқлиги ҳамда дарахтлар кесилмаганлиги аниқланди.

 

    Бошқа янгиликлар