АсосийJinoyat

Давлат манфаатларига зарар етказган мансабдор жазога тортилди

'Давлат манфаатларига зарар етказган мансабдор жазога тортилди'ning rasmi

36 ёшли МЧЖ раҳбари хорижий давлатлардан импорт қилинган товар моддий бойликларни нақд пулга сотиб, давлат томонидан белгиланган солиқларни тўлашдан бўйин товлаган... 

Фарғона вилояти Фарғона тумани тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш «Ягона дарча маркази» томонидан 2017 йил 11 августда рўйхатга олинган масъулияти чекланган жамият ташкил қилади. Унга раҳбарлик қилиб, мансабдор шахс бўлиб, амалда бўлган иқтисодиёт ва хўжалик соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунларга зид равишда, Президентимизнинг 1996 йил 9 августдаги “Бюджет билан ҳисоб-китобларни амалга оширишда хўжалик юритувчи субъектларнинг жавобгарлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1504-сонли Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 5 августдаги “Пул маблағларининг банкдан ташқари муомаласини янада қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 280-сонли қарори талабларини бузади. 2017 йилда 4.946.921,5 минг сўмлик, 2018 йилда 5.498.770,2 минг сўмлик ва 2019 йилда 78.574.092,5 минг сўмлик товар-моддий бойликларни нақд пулга сотиб юборади. Жамият томонидан Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ДСИга топширилган расмий ҳисоботларда акс эттирмай, ҳисоботларга сохта маълумотлар киритади. Нақд пулга сотиб юборилган товарлар савдо пул маблағларини жамиятнинг банк муассасасидаги ҳисоб рақамига топширмай ўзлаштиради. Савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдорда бузган.

Шунингдек, МЧЖ раҳбари Президентимизнинг 1996 йил 9 августдаги «Бюджет билан ҳисоб-китобларни амалга оширишда хўжалик юритувчи субъектларнинг жавобгарлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги 1504-сонли Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 5 августдаги «Пул маблағларининг банкдан ташқари муомаласини янада қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 280-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 114-моддаси талабларини бузади. 2017 йилда жамиятнинг балансида бўлган 4.946.921.500 сўмлик товар моддий бойликларни нақд пулга сотиб юборади. Ушбу миқдордаги тушумларни яшириб, Солиқ кодексининг 
350-351 моддалари талабларига зид равишда 5 фоизлик ставкадан жами 247.346.100 сўмлик ягона солиқ тўловини тўлашдан бўйин товлайди. 2018 йилда жамиятнинг балансида бўлган 5.498.770.200 сўмлик товар моддий бойликларни нақд пулга сотади. Ушбу миқдордаги тушумларни яшириб, 5 фоизлик ставкадан жами 274.938.500 сўмлик ягона солиқ тўловини ҳамда воситачилик фаолияти бўйича солиқ солиш объектини 112.619.300 сўмга камайтириб кўрсатиб 37.164.400 сўм миқдоридаги ягона солиқ тўловини ҳамда 2018 йил давомида бажарилган қурилиш, хизмат кўрсатиш ишларидан тушган тушум бўйича топширилган ҳисоботларда ягона солиқ солиш объектини 1.525.915,0 минг сўмга камайтириб кўрсатиб 76.295,8 минг сўмлик ягона солиқ тўловини тўлашдан бўйин товлайди. Жами бўлиб, 2017-2018 йиллар учун камайтиришга ҳисобланган 45.597,7 минг сўм ягона солиқ тўловини чегирган ҳолда қўшимча ҳисобланган жами 590.147.100 сўмлик жуда кўп миқдорда давлат манфаатларига зарар етказган. 

Судланувчи судда дастлабки тергов даврида берган кўрсатувини тўлиқ тасдиқлаган ҳолда айбига тўлиқ иқрор бўлди. 

 

               “ОЗОДЛИКНИ ЧЕКЛАШ ЁКИ ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ ТАРИҚАСИДАГИ ЖАЗО                                                            БИЛАН АЛМАШТИРИШИ ТУШУНТИРИЛДИ”

Бахриддин ИКРАМОВ, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди судьяси:

— Судланувчи ЖКнинг 184-моддаси 3-қисми ва 189-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилди. ЖКнинг 59-моддаси тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 2 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Судланувчига ЖКнинг 46-моддаси 4-қисмига асосан, агар шахс суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари муддатининг жами бўлиб ўндан бир қисмидан кўпроғини ўташдан бўйин товласа, суд ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган муддатини худди шу муддатга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштириши тушунтирилди.

Етказилган зарарни қоплаш мақсадида топширилган, Тошкент шаҳар прокуратурасининг депозит ҳисоб рақамида сақланаётган 590.147.100 сўм маблағлар Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ДСИ орқали давлат фойдасига ўтказилди.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист

    Бошқа янгиликлар