Бир неча кун муқаддам ижтимоий тармоқларда сифатсиз ва контрафакт дафтар маҳсулотларидаги хатолар акс этган суратлар тарқалган эди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан контрафакт ва ностандарт матбаа маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши, тарқатилиши ва реализация қилинишиниyu олдини олиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда доимий мониторинг ишлари ташкил этилган. Ўрганишларда аниқланган ҳуқуқбузарликларга қарши тегишли чоралар кўриш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ҳамда Давлат солиқ қўмитасига мурожаатлар юборилади.
Мурожаатларга асосан, Департамент томонидан 2019 йил якунлари бўйича республикамизнинг барча вилоятлари бўйича жами 293 та китоб савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларида профилактика ишлари ташкил этилди. Қонунчилик талабларига риоя этмасдан реализация қилинаётган жами 32 674 та матбаа маҳсулотлари савдодан чиқарилди. Уларнинг умумий қиймати 120,2 млн сўмдан зиёдни ташкил этади.
Бир неча кун муқаддам ижтимоий тармоқларда сурати эълон қилинган дафтар каби контрафакт маҳсулотларини ишлаб чиқарган корхона номи, манзили ва бошқа маълумотлар кўрсатилмагани туфайли ушбу тадбиркорларни топиш, чора кўриш имконияти ниҳоятда кам. Контрафакт маҳсулотлари ҳисобланган дафтарларга назар солсангиз «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган»дан бўлак маълумотни учратмайсиз. Ҳаттоки, умуман бошқа нашриёт номидан фойдаланиб матбаа маҳсулотлари ишлаб чиқараётган сохта тадбиркорлар ҳам йўқ эмас. Уларга қарши курашиш учун жамоатчилик назорати жуда муҳим.
Шунингдек, Агентлик томонидан 2019 йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, Республика санитария-эпидимиология назорати марказининг масъул мутахассислари иштирокида республикамизда фаолият юритаётган ноширлик ва матбаачилик корхоналарида амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Умумий техник регламент ва давлат стандартлари талабларига мувофиқ матбаа маҳсулотларини тайёрлаш бўйича 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларида сайёр семинарлар ўтказилган.
Ушбу семнарларда мутасадди ташкилотларнинг мутахассислари томонидан корхонанинг молиявий ва ишлаб чиқариш жараёнларига аралашмаган ҳолда, корхона раҳбариларига матбаа фаолияти билан шуғулланишда қўлланиладиган соҳага оид амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, “Таълим муассасалари учун хавфсиз полиграфия маҳсулотлари ҳақидаги Умумий техник регламент” ва давлат стандартлари талабларига риоя қилган ҳолда матбаа маҳсулотларини ишлаб чиқариш юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.
Агентлик мутахассислари томонидан семинар иштирокчиларига корхона фаолиятини ва ишлаб чиқариш жараёнларини тўғри ташкил этишда зарур бўлган меъёрий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 3 июндаги 146-сон қарори билан тасдиқланган “Таълим муассасалари учун хавфсиз полиграфия маҳсулотлари ҳақидаги Умумий техник регламент”, “Мактаб дафтарлари учун гигиеник талаблар” СанПиН 0270-09 намуналар тўплами тақдим қилинган.
Матбаа корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган матбаа маҳсулотларини, айниқса, дафтар маҳсулотларини “Ўзстандарт” агентлигидан тегишли мувофиқлик сертификати ва Республика санитария-эпдимиология марказининг гигиеник талабларга риоя этилганлик тўғрисидаги экспертиза хулосаси олингандан сўнг реализация қилиш мақсадга мувофиқлиги эслатиб ўтилган.
Шунингдек, корхона раҳбарлари мазкур талабларга риоя этмаслик, ҳусусан, болалар соғлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган матбаа маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш, муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши солиқ, маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирилган.
Шу билан бирга семинарда, ишлаб чиқариш жараёнларида юзага келаётган муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди ва ишлаб чиқариш жараёнларини қонунчилик талаблари асосида йўлга қўйиш борасида зурур амалий тавсиялар берилган.
Бундан ташқари, Агентлик томонидан мавзуга оид бир қатор семинарлар ташкил этилган.






