Ҳукумат қарори билан юқори меҳнат самарадорлигига эришаётган жисмоний тарбия фани ўқитувчиларини муносиб рағбатлантиришни ташкил этиш мақсадида бир қатор қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилган қўшимчага кўра:
Таълим муассасаларининг қуйидаги жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига малака тоифаси (лавозим) тўғридан-тўғри (аттестациядан ўтказилмасдан) берилади:
• туман (шаҳар) миқёсидаги спорт мусобақаларининг 1-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга – иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими);
• вилоят миқёсидаги спорт мусобақаларининг 1-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга – биринчи малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими);
• халқаро ҳамда республика миқёсидаги спорт мусобақаларининг 1, 2 ва 3-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга – олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими).
Шунингдек, эндиликда ОТМлар рейтингини аниқлашда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича фаолият ҳам мезон сифатида ҳисобга олинади.






