Хабарингиз бор, Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан пойтахтимизнинг санитар ҳолатини яхшилаш, қаровсиз ҳудудларни тартибга келтириш ва кўркамлаштириш мақсадида 10 январдан “Наврўз”га қадар “Файзли Тошкент” акцияси ўтказилиши эълон қилинган эди.
Ўтган фурсат давомида 1000 дан ортиқ ишчилар билан бирга қарийиб икки ой вақт давомида олиб борилган ишлар ҳажми ва кўлами бу фурсат бутун шаҳарни тозалаш ва ободонлаштириш мушкул эканлигини кўрсатди.
Ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш, олиб чиқиб кетиш ва тартибга келтириш чора-тадбирларини сифатли бажариш мақсадида ушбу акцияни йил бўйи давом эттириш лозим деб топилди.
Маълумот учун айтиш жоиз, бугунги кунда “Файзли Тошкент” акцияси доирасида Чилонзор, Учтепа ва Яшнобод туманларидаги қатор маҳаллалар тартибга келтирилди.
Бу ташаббусни тошкентликлар ўз ҳудудлари, кўчаларида давом эттиришлари ва шаҳримиз кўркам бўлишига ўз ҳиссасаларини қўшишларига ишонамиз.






