Жорий йилнинг 5 феврал куни ижтимоий тармоқлар орқали Хўжаобод тумани халқ таълим бўлими мудири Ҳамдамов Шоҳруҳга тегишли аудио ёзув ҳамда унинг фаолиятига оид “Ўзидан 20-30 ёш катта одамларни ҳар куни сансираб, ҳақоратлаб берадиган, тажрибасиз ёш бола туман халқ таълими мудири бўлишга арзийдими?” мазмунида мурожаат тарқалди.
Мазкур мурожаат юзасидан Андижон вилояти халқ таълими бошқармасининг ишчи гуруҳи ўрганиш ишларини олиб борди.
Хўжаобод тумани халқ таълим бўлими мудири Ҳамдамов Шоҳруҳга тегишли аудио ёзув жорий йилнинг 18 январь куни жамоа ўртасида ташкил этилган телеграмм группасидан ёзиб олинган бўлиб, унда 19 январь куни туманда 5 та муҳим ташаббус тадбирини намунали тарзда ўтказиш учун маъсулларга керакли вазифалар берган ва ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйган айрим ходимларга нисбатан оғзаки огоҳлантириш берганлиги ўрганиш жараёнида аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан тумандаги айрим мактаб директорлари ва директор ўринбосарлари билан ўтказилган суҳбат жараёнида мазкур тадбирни ўтказиш учун хеч қандай ноқонуний топшириқ ва ҳақоратли сўзларни айтмаганлигини маълум қилдилар
Хўжаобод туман халқ таълим бўлими мудири Ш.Ҳамдамовдан ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш хати олинди ва одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этиш, сўзлашув маданиятига амал қилиши, бу каби ҳолатлар қайта такрорланган тақдирда, унга нисбатан интизомий жазо чораси кўрилиши ҳақида огоҳлантирилди.






