Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларга сифатли ва тезкор давлат хизматларини кўрсатиш, уларни оғирини енгил қилиш, аҳолига хизмат кўрсатиш жараёнида уларнинг ортиқча оворагарчиликларига, бюрократик ҳолатларга чек қўйиш бугунги кунда халқимизга давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги асосий фаолият йўналишлардан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари орқали ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида бир неча турдаги давлат хизматлари кўрсатилиб келинмоқда. Хусусан,
– ўз тармоғини яратиш ҳуқуқисиз маълумотларни узатиш тармоқлари орқали провайдер хизматлари кўрсатишга лицензия олиш;
– телекоммуникация тармоқларини лойиҳалаштиришга лицензия олиш каби хизматлар.
Мазкур хизматлар Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 22 ноябрдаги 458-сонли қарори билан тасдиқланган “Телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги низом”га асосан кўрсатилиб келинмоқда.
Низомга асосан, телекоммуникациялар соҳасида юридик шахслар фаолияти турларини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Телекоммуникациялар қуйидаги турларининг, яъни:
маҳаллий тармоқлар;
шаҳарлараро тармоқлар;
халқаро тармоқлар;
кўчма радиотелефон алоқа тармоқлари;
маълумотлар узатиш тармоқлари;
телерадиоэшиттиришларни тарқатиш (трансляция қилиш) тармоқлари лойиҳалаштирилиши, қурилиши, улардан фойдаланиш ва уларнинг хизматлар кўрсатиши лицензияланиши шарт.
Бугунги кунга қадар, Давлат химзатлари марказлари ҳамда ЯИДХП (Ягона интерактив давлат хизматлари портали) орқали ўз тармоғини яратиш ҳуқуқисиз маълумотларни узатиш тармоқлари орқали провайдер хизматлари кўрсатишга лицензия олиш учун 86 та, телекоммуникация тармоқларини лойиҳалаштиришга лицензия олиш учун 29 та ариза келиб тушган.
Бироқ, бугунги кунга қадар мазкур давлат хизматларини кўсатиш мураккаблигича қолиб, амалиётда айрим муаммоларга дуч келинмоқда.
Хусусан, лицензия берувчи ваколатли орган ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг юқорида кўрсатилган давлат хизматларини кўрсатиш учун ахборот тизими мавжуд эмас. Ушбу вазирлик ҳам давлат хизматларини кўрсатувчи аксарият бошқа давлат ташкилотлари сингари Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг давлат органлари масъул ходимларининг шахсий кабинет тизими (arm.gov.uz) орқали хизматларни кўрсатиб келмоқда. Улар ўзларида ушбу хизматларни (бизнес оптимизация қилувчи) ахборот тизимини ишлаб чиқиб, уни Давлат хизматлари марказларига ҳамда бошқа идораларга интеграция қилишлари лозим.
Табиийки, юқорида кўрсатиб ўтилган муаммоларнинг мавжуд бўлиши давлат хизматини ўз вақтида ва сифатли кўрсатилиши учун тўсқинлик қилади.
Таъкидлаш жоизки, 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном берилгани ҳам жамиятимизда ўзаро алоқаларнинг электрон шаклда олиб борилиши ҳамда замонавий ахборот технолигиялари орқали аҳолига давлат хизматларини кўрсатилиши бугунги куннинг айни долзарб масаласи эканлигини белгиламоқда.
Давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида турган муаммоларни бартараф этиш, бу соҳани такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш юзасидан қатор вазирлик ва идораларга бир қанча вазифалар юклатилди.
Жумладан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига белгиланган хизмат турлари бўйича 2020 йил 1 сентябрга қадар ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва давлат хизматлари кўрсатиш тизими билан интеграция қилиш вазифаси топширилди. Бу эса, ўз навбатида юқорида қайд этилган муаммоларни бартараф қилиш орқали халқимизга сифатли ва тезкор давлат хизматларини кўрсатишга хизмат қилади.
С. Уралов, Давлат хизматлари агентлиги
Ташкилий-таҳлил бўлими Бош маслаҳатчиси






