Хабарингиз бор, 17 февраь куни «Human хусусий бандлик агентлиги» МЧЖ мансабдорларининг фирибгарлигидан жабр кўрган 50 нафардан ортиқ фуқаро Мустақиллик майдонида тўпланишган эди. Шундан сўнг Бош вазир Абдулла Арипов 1086 нафар алданган фуқарога қайтарилиши лозим бўлган 21 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарар давлат томонидан шошилинч равишда қоплаб берилишини айтган эди.
Айни пайтда МИБнинг “darakchi.uz”га маълум қилишича, «Human» хусусий бандлик агентлиги раҳбари Ш.Файзуллаевнинг жиноий ҳаракатлари натижасида жабр кўрган фуқароларга етказилган моддий зарарларни уларнинг ҳисоб рақамларига тезкорлик билан ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, АТИБ «Ипотека банк» ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимларидан иборат таркибда ҳудудларда ишчи гуруҳлар ташкил этилди.
Шунингдек, жабрланганларга зарарни ундириш бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига ижро ҳужжатлари ҳам келиб тушди.
Жабрланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида ишчи гуруҳларни «Ипотека банк» вилоят филиалларида фаолият олиб боришлари белгиланди.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг ҳукми билан «Human» хусусий бандлик агентлиги раҳбари Ш.Файзуллаевнинг жиноий ҳаракатлари оқибатида жабрланувчи деб этироф этилган ва моддий зарар ундирилиши белгиланган фуқаролар ўзларига қулай бўлган қуйидаги манзилларга шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (фуқаролик паспорти) билан мурожаат қилишлари сўралади.






