Хабарингиз бор, муҳокама учун қўйилган Президент Фармонига кўра, 2020 йил 1 парелдан бошлаб Тошкентда прописка муаммоси бекор бўлиши кутилаяпти. Айни пайтда ушбу ҳужжат лойиҳаси кенг муҳокама этилмоқда. Хусусан, шу пайтга қадар прописка “жумбоғи” билан доимий курашиб келаётган блогер Хушнуд Худойбердиев ушбу лойиҳага нисбатан “ҳали қувонишга эрта” дея изоҳламоқда.
“Пропискага тиш-тирноғим билан қарши бўлган инсон сифатида Президент Фармони лойиҳасида пропискага оид бандлар борлигидан жуда ва жуда хурсандман, албатта.
Гарчи пессимист бўлмасам-да, аммо ушбу янгиликдан ҳали қувонишга эрта эканлигини барчага эслатиб қўймоқчиман холос.
Сабаби биринчидан бу ҳали лойиҳа.
Иккинчидан, ушбу лойиҳа тасдиқланиб, Президент ушбу Фармонга имзо қўйгани билан, ҳали у ижро этилади, дегани эмас. Фикримни исботлаш учун яқин ўтмишдан аниқ мисол айтаман.
Ҳаракатлар стратегияси доирасида 2018 йил 22 январь куни ПФ-5308-сонли Президент фармони билан 2018 йилги давлат дастури қабул қилинган эди. Ўша давлат дастурининг 56-бандида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида иккиламчи бозордан ҳам пропискасиз уй сотиб олишга рухсат берилсин, деган банд бор эди. Гарчи ушбу Фармон Президент томонидан имзоланган бўлса-да, аммо якунда давлат дастурининг ушбу банди бажарилмади. Мана орадан 2 йил ўтган бўлса ҳам, иккиламчи бозордан пропискасиз уй сотиб олишга рухсат берилмади.
2020 йилги дастурга яна шунга оид бандни қўшиш таклиф этилмоқда.
Аммо мен 2018 йилдан фарқли ўлароқ, бу сафар ушбу банд бажарилишига чин дилдан ишонаман. Сабаби Президент ўз нутқида пропискани очиқ танқид қилди. Ўтган сафар бунақа нутқ бўлмаганди. Бизда шунақа-ку, пастдаги ижрочилар Президент гапларига қараб, нимани бирламчи ўринда ижро қилиш кераклигига мўлжал олишади.
Яхшиям Президент пропискани танқид қилгани, йўқса яна йиллар давомида бу лаънати тизим амалда бўлиб турармиди ким билсин...
Иккиламчи бозор нима?
Кўпчилик шу ҳақида сўрамоқда. Айнан прописка масаласида оладиган бўлсак, иккиламчи бозор, бу - қурилганига 3 йилдан ошган уйлар дегани. Яъни жайдари тилда айтганда эски уйлар.
Ҳозирги қонунчилик бўйича Тошкентдан пропискасиз ҳам уй сотиб олиш мумкин, фақат ўша уй қурилганига ҳали 3 йил тўлмаган янги уйлар (новостройка) бўлиши керак. Агар уйнинг қурилганига 3 йилдан ошиб кетган бўлса, унда пропискасиз сотиб олиш мумкин эмас.
Таклиф этилаётган лойиҳа агар амалга кирса, унда доимий пропискаси исталган ҳудудда бўлган фуқаролар Тошкентдан хоҳлаган уйини сотиб олиши мумкин бўлади.
Бу янгилик айниқса пропискаси йўқлиги туфайли ўзини пулига сотиб олган уйини бировнинг номига (қариндоши, дўсти, таниши) расмийлаштирган ва ўзини уйида ўзи расман ижрада турган минглаб фуқаролар учун айни муддао бўлар эди. Улар ваниҳоят ўз уйларини ўзини номига қайта расмийлаштириб, одамга ўхшаб, хотиржам ухлаши мумкин бўлади.
Мана шуниси билан ҳам ушбу янгилик қувонарли.
P.S.: ушбу янгиликдан сўнг, маълум муддат иккиламчи бозорда уйлар нархи ошиши мумкин, аммо бу кўпга чўзилмайди, яна нархлар стабиллашади, демоқда мутахассислар..." — далилларга асосланган муносабатини эълон қилган блогер.






