Ижтимоий тармоқларда Янгийўл тумани аҳолисининг уйларни бузилишига норозилик кўрсатаётгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Унда ҳудудда яшовчи одамлар янги қурган уйлари бузиб ташланаётганини жамоатчиликка маълум қилган. Мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан ўрганилди ва маълумотлар “darakchi.uz”га тақдим этилди.
Унга кўра, Янгийўл тумани “Қора-тепа” МФЙ ҳудудидаги Ғалаба кўчасида жами якка тартибдаги хонадонлар сони 63 тани ташкил этиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганилганда, ушбу хонадонлардан 18 таси суғориладиган ер майдонларида ўзбошимчалик билан қурилганлиги аниқланган.
Аниқланган ўз бошимчалик билан қурилган 18 та ноқонуний қурилмалар бўйича туман ҳокимлиги томонидан ФИБ Зангиота туманлараро судига даъво аризалари киритилган бўлиб, шундан, 4 тасига яни фуқаролар Ф.Усманова, Ў.Хайдаров, Н.Камалов, С.Чориевалар томонидан қурилган ноқонуний қурилмаларни мажбурий буздириш юзасидан суднинг қарорлари чиқиб, Мажбурий ижро бюросига юборилган.
2020 йил 5 февраль куни ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари ва ноқонуний қурилмаларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича туман мутасадди ташкилотларидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан юқоридаги манзилда назорат тадбири ўтказган ҳамда ушбу жараён фуқаролар томонидан мобил алоқа воситалари орқали видеотасвирга олинган.
Бугунги кунда, қолган 14 та даъво аризалар ФИБ Зангиота туманлараро суди томонидан кўриб чиқилмоқда.






