7 февраль куни “Muxbir Daliyev” телеграм каналида “Ўзбекэнерго”ни сайтига киришни иложи бўлмайяпти, сайтдан шахсий кабинетга кириб ўз ҳисобим ҳақида маълумот олиб турардим” мазмунидаги мурожаат эълон қилинган эди. Ушбу мурожаатга Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Эльмира Бекмуродованинг ўз телеграм канали орқали тушунтириш берди.
Маълумки, 2019 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги ПҚ-4249-сонли қарорига мувофиқ, “Ўзбекэнерго” АЖ ўрнига учта алоҳида - “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖлари ташкил этилган, дейди матбуот котиби.
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти электр энергияни якуний истеъмолчиларга тақсимловчи ва сотувчи ҳудудий электр тармоқлари корхоналарини бошқаришни амалга оширади ва айни пайтда унинг расмий веб-сайти ишга туширилган. Ушбу сайтдан истеъмолчилар шахсий кабинетга кириб ўз ҳисоблари ва шу каби кўплаб маълумотларни олишлари мумкин.
Истеъмолчиларда айни вақтда электр энергияси таъминоти билан боғлиқ саволлар бўлса, “Ҳудудий электр тармоқлари”нинг 71-202-50-55 ҳамда 11-54 рақамлари ёки Telegram’даги администратор (@HET_admin) орқали ҳам ўз мурожаатларини йўллашлари сўралмоқда.






