Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тизимидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида нодир ва алоҳида қимматли нашрларни эҳтиётлаб сақлаш, уларни консервация ва реставрация қилишнинг замонавий методларини жорий қилиш, босма нашрлар, адабиёт ва санъат асарлари, қўлёзма ва график ҳужжатлар, тарихий хужжатлар ва нодир нашрларнинг электрон фондини шакллантириш долзарб вазифалардан этиб белгиланган.
Зеро, маърифий ресурслар замонавий шароитда катта аҳамият касб этмоқда. Буни нодир ва алоҳида қимматли ахборот-кутубхона ресурсларига кўп сонли фойдаланувчиларнинг мурожаатлари ҳам тасдиқлаб турибди.
Фонднинг электрон ресурслар сақланиши, тўлиқлиги ва бутлигини таъминлаш, фойдаланувчиларга ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатиш, ахборот-кутубхона ресурслари электрон каталогини ҳамда ягона электрон ахборот-кутубхона фондини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан «Нодир нашрлар ва қўлёзмалар» маълумотлар базаси дастури жорий этилган.
Дастурга нодир нашрлар каталоги ва асарнинг тўлиқ матни киритилган. Шунингдек, алоҳида фойдаланувчилар (олимлар, мутахассислар ва тадқиқотчилар) мазкур дастур ёрдамида ўзларини қизиқтирган мавзулар бўйича шарҳлар, соҳавий мақолаларни жойлаштириш имконига эга бўлишади.
Бу миллий дастурнинг афзаллиги шундаки, фойдаланувчи интернет орқали www.nodir.natlib.uz онлайн тизимида қўлёзмалар, нодир китоб, альбом, газеталар каталоги ҳамда тўлиқ матни билан танишади. Яъни, қаерда бўлишингиздан қатъий назар, қўлингиздаги смартфон орқали икки-уч аср аввал битилган манбани бемалол ўқий оласиз.
Ҳозирда базага 1855 та китоб, 118 та қўлёзма, 22 та альбом, 2670 вақтли матбуот нашри киритилган бўлиб, бу ишлар тизимли давом этиб келмоқда.
Мазкур дастур фойдаланувчига қисқа вақтда барча ахборот ресурсларини бир маконга умумлаштириш, кенг кўламли маълумотларни сифатли тақдим этиш имконини беради.
07.02.2020 07:10
Нодир китобларни эндиликда телефон орқали ўқиш мумкин






