АсосийJamiyat

Сирдарёда коррупцияга қарши кураш давом этмоқда

'Сирдарёда коррупцияга қарши кураш давом этмоқда'ning rasmi

Коррупцияга қарши курашиш бўйича Сирдарё вилоят ҳудудий идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши Ховос шаҳарчасидаги “Темир йўлчилар саройи”да ўтказилди.

        Ўтган йилда содир этилган 17 та коррупцион жиноятлар бўйича коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссиясининг йиғилишлари ўтказиб, ушбу коррупцион жиноятларни келиб чиқиш сабаблари, бунга имкон берган шарт-шароитлар муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган ҳамда оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилиши таъминланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.02.2019 йилдаги “Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5647-сонли Фармони билан Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ташкил этилиб, соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор берилди.

Лекин, шунга қарамасдан “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖга қарашли Ховос тумани сигнализациялаш ва алоқа масофаси корхонаси айрим ходимлари томонидан юқорида кўрсатилган ишонч, эътибор ва имкониятлардан ўзларининг манфаатлари йўлида қасддан фойдаланиб, фаолиятлари давомида қўпол ҳато ва камчиликларга йўл қўйилаётганлигини ҳамда турли тоифадаги жиноятларни содир этиб келаётганлиги кузатилмоқда.

Хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сирдарё вилоят бошқармаси ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорликда фуқаро А.нинг аризасига асосан жорий йилнинг 31 январь куни ўтказилган тезкор тадбирда, “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖга қарашли Ховос тумани сигнализациялаш ва алоқа масофаси корхонаси машинисти Ш. фирибгарлик йўли билан ўзининг танишлари орқали фуқаро А.ни  “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ тизимига ишга киритиб қўйиш эвазига 1100 АҚШ доллари талаб қилиб, 1100 АҚШ долларни Ховос тумани ҳокимлиги маъмурий биноси ёнида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шундан сўнг Ш.нинг аризасига асосан тезкор тадбир давом эттирилганда, “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖнинг “Ўзбекистон” локомотив депоси қўриқлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Х. фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида бир гуруҳ бўлиб, олдиндан тил бириктириб, пора беришга далолат қилиб, Ш.дан фуқаро А.ни “Ўзбекистон Темир йўллари” АЖ тизимига ишга киритиб қўйиш эвазига кимёвий ишлов берилган 1100 АҚШ долларини Тошкент шаҳар “Чилонзор” метро бекати ёнидаги автотураргоҳда олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

        Мазкур ҳолат юзасидан нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида коррупцион жиноятлар содир этилиши ҳамон давом этмоқда.

Хусусан, Департаментининг Сирдарё вилоят бошқармаси ва Ховос туман бўлими ходимлари томонидан Ж.нинг аризасига асосан жорий йилнинг 03 февраль куни ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ш. ўзининг танишлари орқали Ж.ни Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази Сирдарё вилоят филиалига тез тиббий ёрдам фелдшерлик лавозимига ишга жойлаштириш эвазига ундан 600 АҚШ доллари пулларни талаб қилиб олаётган пайтда ушланган.

Бундан ташқари, шу куни фуқаро Х.нинг аризасига асосан Департаментининг Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Мирзаобод туман тиббиёт бирлашмаси шифокори И. фуқаро Х.ни Мирзаобод туман давлат санитария эпидамолигия назорати марказига ишга киритиб қўйиш эвазига ундан 500 АҚШ доллари пулларни талаб қилиб олаётган пайтда ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Йиғилиш якунида коррупцияга қарши курашиш комиссияси томонидан комиссия аъзолари ҳисобланган ташкилотларга қўйилган вазифалар ва берилган топшириқлар ижроси лозим даражада таъминланмаётганлиги, ходимлар билан самарали профилактик тадбирлар олиб борилмаётганлиги, жойларда тарғибот тадбирлари талаб даражасида амалга оширилмаётганлиги қайд этилиб, коррупцияга қарши курашни кучайтириш борасида тегишли қарор қабул қилинди.

    Бошқа янгиликлар