Сирдарёда йўл қурилишидаги талон-торожликлар фош этилди, дея хабар берди Бош прокуратура Матбуот хизмати.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сирдарё тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Сирдарё йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси раҳбари О.Х. ва бошқалар Чиноз-Гулистон йўлининг 59-68 км қисмида олиб борилган реконструкция ишларида 470 дона йўл четига муҳофазаловчи тўсиқлар ўрнатилганлиги тўғрисида далолатномага сохта маълумотлар киритиб, жами 614,7 млн. сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан “Сирдарё йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси раҳбари О.Х. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.






