Жорий йил 20 январь куни Тошкент шаҳри аэропортларида ХТБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро О.Ш. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига учиб келган фуқароларни кутиб олиш майдончасида «Дубай – Тошкент» рейси билан учиб келган йўловчилардан ноқонуний равишда ҳар хил турдаги моддий товарларни олаётган вақтида ушланади. Бу ҳақда ИИВ ЎХБ Туризм ва Транспорт объектларида хавфсизликни таъминлаш бўйича бўлими хабар берди.
Холислар иштирокида текширилган вақтида унда ўзининг номига расмийлаштирилмаган чет элда ишлаб чиқарилган 4 дона уяли алоқа воситаси, 3 дона планшет, 1 дона ноутбук, 2 дона қўл соати борлиги аниқланиб, ҳужжатлаштирилган ҳолда олиб қўйилади.
Фуқаро О.Ш. эса ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатларини олиб бораётган Тошкент шаҳри аэропортларида хавфсизликни таъминлаш бошқармаси Жиноят-қидирув бўлими катта тезкор вакили, майор Х.Носировга ўзига нисбатан қонуний чора кўрмаслик ва олинган буюмларни қайтариб бериши эвазига 500 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилади. Хизмат бурчи ва қасамёдига содиқ қолган майор ҳолат юзасидан ИИВ Транспортда ХТББ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилади.
22 январь куни соат 11:00да ИИВ ЎХБ Туризм ва Транспорт объектларида хавфсизликни таъминлаш бўйича бўлими ҳамда Транспорт прокуратураси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро О.Ш. хизмат хонасида майор Х.Носировга ишни «босди-босди» қилиш, шунингдек, ҳар ойда унга тегишли бўлган ноқонуний юкларни аниқламаслик эвазига 200 АҚШ доллари миқдоридаги пора бериб туришини айтиб, шу миқдордаги пулни берган вақтида ушланди.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси томонидан терговолди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






