АсосийJamiyat

Ўзбекистондаги туроператорларга Хитойга турлар сотувини тўхтатиб туриш тавсия қилинди

'Ўзбекистондаги туроператорларга Хитойга турлар сотувини тўхтатиб туриш тавсия қилинди'ning rasmi

Сўнгги маълумотларга кўра, илгари кузатилмаган, Хитойнинг Ухань шаҳрида тарқалган коронавирус (2019-nСoV) бугунга келиб Австралия, Вьетнам, Корея Республикаси, Малайзия, Непал, Сингапур, АҚШ, Таиланд, Франция, Япония ва қатор бошқа мамлакатларда аниқланган.

Хитой ОАВларига кўра, коронавирус эпидемияси туфайли мамлакат ҳукумати маҳаллий туроператорларга ва турагентларга мамлакат бўйлаб ҳамда хорижга чипта сотишни тақиқлаган.

Шу билан бирга, Россия, Малайзия, Филиппин, Грузия каби қатор давлатлар ҳам эпидемиологик вазият нормаллашувига қадар Хитойга ва Хитойдан амалга оширилувчи турларга тақиқлов белгилади.   

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати аҳоли фаровонлигини сақлаш мақсадида коронавируснинг мамлакатга киришига йўл қўймасликка оид чоралар кўрмоқда. Шу муносабат билан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мамлакатда фаолият юритаётган туроператор ва турагентларга қуйидагиларни тавсия қилади:

- Эпидемиологик вазият нормаллашувига қадар Хитойга турлар сотувини тўхтатиб туриш; 

- Хитойга сафар бўйича харид қилинган ёки сотиб олинган турларни санитар вазият нормал бўлган мамлакатларга алмаштириш; 

- Қонунчиликка мувофиқ, сайёҳларни албатта йўл олаётган мамлакатдаги эпидемиологик вазиятдан хабардор қилиш.   

Шу билан бирга, жойлаштириш воситалари ва туроператорлар (турагентлар)дан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги сайёҳнинг саломатлиги ёмонлашган ҳолатда, яқин орадаги тиббиёт муассасаси ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигини бохабар қилишни сўраймиз.   

Жисмоний ва юридик шахслар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига мурожаат қилган тақдирда, қуйидагилар тавсия қилинади: 

- омма йиғилган жойларда ҳамда таом истеъмолидан аввал қўлларни яхшилаб ювиш; 

- касалликнинг илк белгилари намоён бўлган тақдирда зудлик билан туроператорга, жойлаштириш воситаси ёки яқин орадаги тиббиёт муассасаси персоналига ёрдам сўраб мурожаат қилиш;   

- Ўзбекистон ҳудудида тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилинган тақдирда, тиббиёт муассасалари персоналини келган вақти ва жойи ҳақида маълумот бериш; 

- нафас органлари ҳимоя воситалари (ниқоб)дан фойдаланиш; 

- бозорлар, ҳайвонот боғи, оммавий-маданий тадбирларга бормаслик; 

- фақат термал ишлов берилган таом ва бутилдаги сувни истеъмол қилиш; -

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигини хабардор қилиш (+998 71 276-46-65, +998 71 246-49-66).    Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Call-маркази телефони: +998 71 200-00-88 (1163). 

    Бошқа янгиликлар