2020-йилнинг 27-январь куни Ўзбекистон Элчиси Бахтиёр Саидовнинг Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Европа ва Марказий Осиё департаменти директори Сун Линсзян билан суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ маълум қилмоқда.
Суҳбатда чет эл фуқароларининг Ухань шаҳридан (Хубей провинсияси) эвакуация қилиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Хитойлик дипломат мамлакат Ҳукуматининг коронавирус тарқалишини чегаралаш ҳамда инфексияни профилактика қилиш ва даволаш борасида кўраётган ҳар томонлама чоралари тўғрисида маълумот берди.
Хитой томони ҳозирда мамлакат Ҳукумати чет эл фуқароларини Ухань шаҳридан эвакуация қилиш масаласини кўриб чиқмаётганини яна бир бор тасдиқлади ва эпидемиянинг эҳтимолий тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида карантин режимининг бутун даври якунланмагунча Ўзбекистон фуқароларини олиб чиқиб кетмасликни сўради.
Ҳозирда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) Бош директори Тедрос Aдҳаном Гебрейесус бошчилигидаги Ишчи гуруҳи Хитойда бўлиб турибди. ЖСТ Бош директори ҳам чет эл фуқароларини эвакуация қилишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ташкилот мавқеини маълум қилди, халқаро жамоатчиликни хотиржамликни сақлаш ва ёлғон хабарларга аҳамият бермасликка чақирди.
ТИВ январь ойида Ухань шаҳридан ватанга қайтиб келган ўзбекистонлик талабалардан зудлик билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-епидемиологик осойишталик агентлигига +998909882330 (директор ўринбосари Б.Қурбонов), +998972755074 (бош мутахассис Ф.Қурбонбеков) телефон рақамлари орқали боғланишларини сўрайди.
Хитой ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларига зарур ҳолатларда исталган вақтда мамлакатимизнинг Пекин шаҳридаги Элчихонасига +86 135 1102-4242 (Бобур Яхяйев), +86 139 1175-4476 (Шухрат Умиров) телефон рақамлари орқали ҳамда Шанхай шаҳридаги Бош консулхонасига +86 131 2255-5772 (Aзиз Улуғбеков) телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.






