Канадада бериладиган пенсияга яшаш деярли имконсиз экан. Бу ҳақда 2016 йилдан бери Канаданинг Калгари шаҳрида доимий истиқомат қилаётган ҳамюртимиз ўзининг телеграм каналида хабар бермоқда.
Унинг айтишича, Канадада 65 ёшдан катталарга ойига максимум 1530 Канада доллари (бу тахминан 11 миллиондан ортиқ сўм дегани) берилади ва бу пул эса уй арендаси ва еб-ичишга аранг етади.
Шу сабабли Канадада пенсияга одамларнинг ўзи жамғариши керак экан.
Бу ерда алоҳида пенсия жамғармалари йўқ, исталган банкда махсус пенсия ҳисобрақами — RRSP'ни очиш мумкин. RRSP — Registered Retirement Savings Plan дастури ҳукумат томонидан яратилган бўлиб, унга киритилган маблағлар даромад солиғи базасини камайтиради.
Мисол: Дейв 2019 йилда 50 минг доллар даромад кўрди ва шу суммадан даромад солиғи тўлади. Йил давомида у 5 минг долларни пенсия ҳисобрақамига ўтказди ва шу билан солиқ базасини 5 минг долларга камайтирди. Энди у 50 минг доллардан эмас, балки 45 минг доллардан даромад солиғи тўлайди. Агар йил давомида кўп солиқ тўлаган бўлса, кейинги йил апрель ойида Солиқ қўмитаси ошиқча тўлаган солиғини қайтариб беради.
50 минг доллар ишлаб топган Дейв 5 минг долларни пенсия ҳисобрақамига ўтказса, солиқ базасининг камайгани туфайли у 1380 доллар даромад солиғи тўламайди. Агар тўлаб бўлган бўлса, давлат томонидан қайтарилади.
Бу дастурнинг иккита нюанси бор:
Биринчидан, RRSP'дан чиқариб олинган маблағлар даромад ҳисобланади ва солиқ базасини оширади. Яъни, 2020 йилда 50 минг ишлаб топган одам пенсия жамғармасидан 5 минг долларини чиқариб олса, ўша йили 55 минг доллар устидан даромад солиғи тўлайди.
Иккинчидан, бу дастурга миллионлаб доллар жойлаб, даромад солиғидан қочиш мумкин эмас. RRSP'га киритилиши мумкин бўлган маблағ миқдори йиллик даромадингизнинг 18 фоизи ёки 26 500 доллардан ошмаслиги керак.
Пенсия ҳисобрақамидаги пуллар одатда инвестиция қилинади. Пулингизни қайси банкда жамғараётган бўлсангиз, ўша банк орқали компаниялар акцияларини сотиб олишингиз ва фойда (ёки зарар) олишингиз мумкин.
Ишхонамда қизиқ дастур бор экан — ходимлар пенсия жамғармасига қанча пул киритса, улар ҳам шунча пул қўшимча қиларкан. Битта шарти билан — ишхона киритган қисми ойликнинг 1 фоизидан ошмайди. Компанияда қанчалик узоқ ишласа, ишхона киритадиган сумма ҳам ортиб бораркан.
Масалан: Стив 6 минг доллар ойлик олади (солиқлардан аввал), бунинг 1 фоизи 60 долларни ташкил қилади. Стив ҳар ой пенсия жамғармасига 60 доллар ўтказса, ишхона ҳам 60 доллар қўшади ва ҳисобига 120 доллар бўлиб тушади.
Бу сумма, юқорида айтганимдек, солиқ базасини камайтиради.






