Жорий йилнинг 3-январидан 20-январига қадар Ўзнефтгазинспекция томонидан ўтказилган тадбирлар доирасида 5,1 млрд сўмлик табиий ва суюлтирилган газларни талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Ўзнефтгазинспекциянинг ахборот хизмати хабар бермоқда.
Хусусан энг жиддий ҳуқуқбузарликлар Наманган ва Жиззах вилоятларида аниқланди. “Мезбон” МЧЖ ва “Нафосат бекати” МЧЖ корхоналарига тегишли умумий овқатланиш корхоналарида жами 306 млн сўмлик 306 минг метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Бундан ташқари, Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида ҳеч қандай рухсатномасиз, ўзбошимчалик билан оҳак цехи томонидан газ тармоғига уланиб газдан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги аниқланди. Дастлабки ҳисоб китоб бўйича жами 330 млн сўмлик 330 минг метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Яна бир нечта газ таъминоти тизимига рухсатсиз уланиш ҳолатлари Тошкент вилоятининг Тошкент ва Қибрай туманларида аниқланган. 157 минг метр куб хажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда иссиқҳоналар ва “Муҳаммад” МЧЖ паррандачилик фермаларидан бирида фойдаланилган. Умумн олганда вилоят ҳудудида жами 690 млн сўмлик 690 минг метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Қисқача қилиб айтганда Республикада жами 4,3 млн метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари аниқланган, бу эса ўз навбатида жами 4,3 млрд сўмлик зарар келтирилганлигини билдиради.






