АсосийJamiyat

Косонда «заправка» қуриш учун 164 туп дарахтли тутзор ўзбошимчалик билан йўқ қилинди

'Косонда «заправка» қуриш учун 164 туп дарахтли тутзор ўзбошимчалик билан йўқ қилинди'ning rasmi

2020 йилнинг 14 январь куни тунда Косонда 164 туп дарахтдан иборат катта тутзор йўқ қилинган. Бу ҳақда Кун.уз хабар бермоқда.

Мазкур тутзор жойлашган ҳудудида яшовчи аҳоли бир неча ойдан бери тутзорни сақлаб қолиш учун курашиб келаётган эди. Аммо афсуски, мазкур тутзор бир кечада бузилиб, ўрнида автомобилларга газ қуйиш шохобчаси қурилиши бошлаб юборилди.

Сал аввал ҳокимлик вакиллари ҳолат юзасидан изоҳ бераркан, «Ҳеч қанақа «заправка» қурилмайди, қурилиш ҳоким қарори билан тўхтатилган» дея маълумот берганди. Маълум бўлишича, худди шу мазмундаги маълумот тутзорни сақлаб қолишга уринаётган Қуйи оброн маҳалласи фаолига ҳам юборилган.

Аҳоли вакиллари тутларни кесган одам билан бўлиб ўтган суҳбатни тасвирга олган. Маҳалла фаоли Абдураҳмон Жўраевга кўра, тутзорни йўқ қилган одам худди ўша – бундан бир неча ой олдин шу тутзор ўрнида автомобилларга газ қуйиш шохобчаси қурмоқчи бўлган «Ифтихор газ сервис» МЧЖ ходими экан.

Кўриниб турибдики, мазкур корхона ҳали ҳам тутзорларни йўқ қилиб, ўрнида аҳолининг норозилигига қарамай «заправка» қуриш режасидан воз кечмаган.

"Бу ҳудудда газ қуйиш шохобчаси қуриш мумкин ёки йўқлиги ўрганиш лозим бўлган алоҳида масала. Биз эса эътиборингизни масаланинг иккинчи томонига қаратмоқчимиз, – деб ёзади Кун.уз мухбири. – Айтилганидек, дарахтлар 14 январь куни кечаси кесиб ташланган. Орадан беш кун ўтди. Нега ҳамон атрофни-муҳитни муҳофаза қилиш, ИИБ ва бошқа идоралар ушбу қонубузилиш бўйича бирор ҳаракатни амалга оширмаган. Ахир, тутзорлар, умуман, қонун фақат Қуйи обронликларники эмас-ку? 

Хуллас, маҳалла аҳли қўлидан келгунча ҳаракат қилди, барча идораларга мурожаат қилди. Бир неча марта дарахтлар кесилишининг олди олинди ҳам. Лекин қачонгача фақат аҳолининг ўзи курашиши керак қонунсизлик билан? Қуйи обронликлар ана шу саволларга жавоб кутяпти."

 

Бошқа янгиликлар