Жорий йилнинг 15 январь куни ижтимоий тармоқ орқали “Дам олиш куни бўлмаса-да, мактаб ўқувчиларига дарс ўтилмади” сарлавҳаси остида Каттақўрғон тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги 26-умумтаълим мактабидаги ҳолат бўйича маълумот тарқалди. Мазкур ҳолатга Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан муносабат билдирилди.
Унга кўра, жорий йилнинг 14 январь куни Каттақўрғон тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги 26-умумтаълим мактаби директори Ш.М. мактабда педагогик кенгаш ўтказиш мақсадида ўқув тарбия ишлар бўйича директор ўринбосари Ў.Н. орқали бошланғич синф ўқувчиларига дарсга келмаслик бўйича топшириқ беради. Натижада шу куни мактабнинг 1-, 2-, 3- ва 4-синф ўқувчилари дарс машғулотларига келмайди.
Ҳолат юзасидан 2020 йил 14 январь куни Каттақўрғон туман адлия бўлими ҳамда туман халқ таълими бўлими масъул ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, ўқувчиларнинг ҳақиқатан дарсга келмаганлиги ва унинг сабабларига аниқлик киритилган.
Ҳозирги кунда 26-умумтаълим мактаби директори Ш.М. ўз аризасига мувофиқ лавозимидан озод этилди.






