Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD) дунёнинг 2019 йилдаги “энг ўқимишли мамлакатлари” рейтингини эълон қилди.
Мазкур рейтингга кўра, Канада 56,71 фоизлик олий маълумотли аҳолиси билан биринчи, 51,44 фоизлик кўрсаткич билан Япония иккинчи ва 50,92 фоиз аҳолиси олий маълумот билан қамраб олинган Исроил учинчи ўринни эгаллаб турибди.
Шу ерда қизиқарли факт. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида яна 10 йилдан кейин мамлакат аҳолисининг 50 фоизи олий маълумотли бўлиши кераклиги айтилган. Бу ўша йилга бориб Ўзбекистон ушбу рейтингда, дейлик кучли 10 таликка кириши керак, дегани.
Ҳозирча, бу натижага эришиш қай даражада мумкин ё йўқлиги ҳақида фикр билдиришдан йироқман. Лекин 2019 йил якуни бўйича қизиқ статистикани келтириш мумкин. Яъни, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ёшларни олий таълим билан қамраб олиш бўйича 20 фоизлик довондан ўтган. Энди олдинда 25 (2020 йил якунига қадар), 30 (2024 йилгача) ва 35 (20206 йилгача) фоизлик натижани қайд этиш вазифаси турибди.
Мендаги маълумотларга қараганда, вазирлик ушбу натижага қўшма таълим дастурлари, хорижий олий таълим муассасаларининг Ўзбекистондаги филиаллари ва Ўзбекистоннинг ўзида очиладиган янги таълим йўналишларини очиш орқали эришмоқчи.
Хусусан, 2019 йил якунларига қараганда, биргина 2019 йилнинг ўзида 14 та янги ОТМ ташкил этилган ва ушбу таълим муассасаларининг бакалавриат босқичларида 40 та таълим йўанлиши, магистратурада 41 та янги мутахассислик жорий этилган. Шунингдек, қабул кўрсаткичлари сони 121 мингдан ошган. Солиштириш учун, бу 2016 йилга қараганда, қарийб 2 баравар кўп, дегани.
Хуллас, бизда Олий таълимнинг келажакдаги тасаввури шундай. Агар вазият шу зайлда давом этадиган бўлса, балки юқорида айтганим, мана шунақа рейтингларда ҳам кўриниш бериб қолармиз. Фақат, бир масала, ўртада сон деб, сифатни унутмасак, бўлгани.
P.S: Ушбу рейтингда дунёнинг энг кучли 40 та мамлакати ўрин олган.






