“Facebook” ҳамда “Telegram” ижтимоий тармоқларида А.Нуритдиновнинг маъмурий қамоққа олинганлиги ҳақидаги ҳабарлар юзасидан Бош прокуратура баёнот берди.
Андижон вилоят маъмурий судининг 30.12.2019 йилдаги қарорига кўра, А.Нуритдинов МЖтКнинг 40-моддаси, 41-моддаси ва 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, МЖтКнинг 34-моддаси тартибида узил-кесил ўташ 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Иш ҳужжатларига кўра, Асака тумани ҳокими Э.Якубов, Асака туманидаги 27-умумий ўрта таълим мактабининг директори М.Исақова ва Андижон вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ф.Бузруковлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ишонч телефонига мурожаат қилиб, интернетнинг «Facebook» ижтимоий тармоғи орқали 2019 йил 4 август, 2019 йил 7 октябрь ва 2019 йил 18 октябрь кунлари «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт фойдаланувчиси томонидан уларни обрўсизлантирувчи, шахсиятини шарманда қилувчи, ҳақоратли уйдирмалар ҳамда туҳмат ва бўхтондан иборат маълумотларни тарқатганлиги учун қонуний чора кўришни сўраганлар.
Бундан ташқари, Б.Қоххоров Асака туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, 2019 йил 30 декабрь куни соат 10.30 ларда Асака туман Молия бўлими олдида А.Нуритдинов уни жамоат жойида уятли сўзлар билан сўкканлиги учун унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ўтказилган текширув жараёнида Интернетнинг «Facebook» ижтимоий тармоғидаги «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт 13.03.1983 йилда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида туғилган, Асака шаҳар, Ибн Сино МФЙ, Шинам кўчаси, 23-уйда яшовчи Нуритдинов Абдуфатто Камолитдиновичга тегишли эканлиги аниқланган.
Гарчанд, А.Нуритдинов судда айбига иқрор бўлмасдан, интернетнинг «Facebook» ижтимоий тармоғи орқали «Отабек Нуритдинов» номли аккаунт очиб фойдаланишини, юқоридаги шахсларга нисбатан «Facebook» ижтимоий тармоғида билдирган ўзининг фикрларини ҳокимият вакилларини ҳамда фуқароларни обрўсизлантириш ва ҳақорат қилиш деб билмаслигини, 30.12.2019 йилда ҳеч кимга сўкинмаганлигини билдирсада, унинг айби жабрланувчи Б.Қоххоров, гувоҳлар Д.Расулов, Ж.Исмоилов, жабрланувчи М.Исақова, гувоҳ Ф.Рахимова, гувоҳ Ш.Усмонов ва бошқаларнинг тушунтиришлари ҳамда суриштирув жараёнида тўпланган “Facebook” ижтимоий тармоғидан олиниб, нусхалари илова қилинган ёзишмалар ва фотолавҳалар, ўрганиш маълумотномалари ва уларга илова қилинган ҳужжатлар ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа далиллар мажмуи билан ўз исботини топган.
Мазкур маъмурий иш бўйича суд қарорининг қонунийлиги билан келишилди.
Аввалроқ Мазкур маъмурий ишни кассация тартибида кўриб чиқиш бўйича очиқ суд мажлиси 2020 йил 4 январь куни соат 11.00 га тайинланганлиги маълум қилинганди.






