АсосийJamiyat

Хотин-қизлар қўмитаси вакилининг номзодини бир вақтнинг ўзида ҳокимнинг 3 нафар ўринбосари қонунчиликка зид равишда тарғиб қилишмоқда

'Хотин-қизлар қўмитаси вакилининг номзодини бир вақтнинг ўзида ҳокимнинг 3 нафар ўринбосари қонунчиликка зид равишда тарғиб қилишмоқда'ning rasmi

 Сайловлар – халқнинг ишончини, эртанги кунга бўлган муносабатини англатади. Қачонки сайловларда ҳақиқат ва адолат қарор топмас  экан, миллатнинг эртанги тақдирини, келажагини яратиш  мушкул вазифага айланиб қолаверади. Сайлов олди тарғибот-ташвиқот масалалари ҳам ҳудди шундай ҳақиқий кураш майдонига айланмоғи лозим. 

2019 йилнинг 22 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтган сайловларнинг якуний натижалари тўла аниқланмаган округларда қайта сайлов бўлиши кўзда тутилмоқда. Жиззах вилояти 14- “Тонг отар” сайлов округидан вилоят Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгашига  депутатлиги кўрсатилган номзод Хотин-қизлар қўмитаси Бош мутахассиси, “Миллий тикланиш” партия вакили Куллиева Шоҳсанам қайта сайловлардан олдин ўтказиладиган сайлов олди тарғибот масалаларида қонунларга зид равишда ҳаракат қилаётгани маълум бўлмоқда.

 Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисидаги Қонунда “Давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахслари сайлов олди тарғибот ишларида иштирок этиши тақиқланади”, дея кўрсатилган. Куллиева Шоҳсанам номзодини эса, бир вақтнинг ўзида Бахмал тумани ҳокимининг уч нафар ўринбосарлари тарғиб этмоқда. Туман ҳокими ўринбосарлари  Хотин-қизлар қўмитаси раиси, Ёшлар масалалри бўйича ҳоким ўринбосари, Қурилиш ишлари бўйича ҳоким ўринбосарлари жойларда тарғиб этишмоқда. 

Асли улкан ноҳақликлар кичик қадамлардан бошланиши бежиз эмас... Зотан, бугун ҳақиқат йўлидан бориб, халқнинг манфаатларини чин маънода ўйлаган номзодалар депутат этиб сайланмас экан, мамлакат ривожи сустлашиб, халқнинг манфаатлари ҳимоя этилмай қолаверади. Сайловга масъуллар ва халқимиз бу каби ҳолатларни қандай баҳолайди? Кўзларимизни каттароқ очайлик, адолат ва ҳақиқат қарор топмоғи лозим!

Шерали Сатторов

    Бошқа янгиликлар