АсосийJamiyat

Республикамиз бўйлаб 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган спорт мусобақалари бўлиб ўтади

'Республикамиз бўйлаб 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган спорт мусобақалари бўлиб ўтади'ning rasmi

Буюк мутафаккир Алишер Навоий бобомиз “Бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало ўз оиласи, Ватани ҳамда халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир”, деб бежиз айтмаганлар.

Мустақил Ўзбекистоннинг эртанги келажаги, халқимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида кечаю-кундуз тинмай хизмат қиладиган касб эгалари – бу Ватан ҳимоячилари, мард ўғлонларимиз ҳисобланади.

Она Ватаннинг ҳар бир қарич ери муқаддасдир. Шунинг учун аждодларимиз юрт тупроғини кўзларига тўтиё айлаган, қаерга борса ҳам Ватан ёди билан нафас олишган.

Ўзбекистон истиқлолга эришган илк даврда, яъни 1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз тарихида муҳим тарихий ҳужжат имзоланди. Республика Олий Кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида”ги қарори билан мамлакатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий тузилмалар мустақил Ўзбекистон тасарруфига ўтказилди.

1993 йил 29 декабрда эса 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди. Шу кундан бошлаб ушбу сана юртимизда кенг нишонланиб келади. Ушбу санага бағишлаб мамлакатимизнинг барча ҳудудларида турли оммавий-маданий тадбирлар ҳамда спорт мусобақалари ўтказиб келинади.

Бу йил ҳам Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда 14 январь – “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан мамлакатимиздаги барча ҳарбий қисмлар ва ҳарбий муассасаларда 3-13 январь кунлари иқтидорли спортчилар иштирокида давра суҳбатлари, мастер-класслар ҳамда спорт мусобақалари ташкил этилади.

Жумладан, Тошкент шаҳрида жойлашган Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ва музейига ташриф ҳамда жойлардаги ҳарбий қисмлар ва билим юртларида спортнинг тош кўтариш, баскетбол, бокс, дзюдо, кураш, волейбол, футбол, самбо, регби ва енгил атлетика турлари бўйича мусобақалар ўтказилиши белгиланган.

    Бошқа янгиликлар