Бош прокуратура Матбуот хизматининг "darakchi.uz"га хабар беришича, сайлов жараёнлари билан боғлиқ бир нечта ноқонуний ҳолатлар аниқланган.
Хусусан, Ўзбекистон Либерал демократик партияси аъзоси Б.Холматовнинг мурожаати текширилди.
Текширишда, Учтепа тумани ҳокимлиги ташкилий - кадрлар гуруҳи раҳбари Ш.Нигматов Ўзбекистон Экологик партияси ички ишларига ва сайлов жараёнига ноқонуний аралашганлиги аниқланди.
Ш.Нигматов ва партиянинг туман кенгаши раиси Қ.Махкамовлар Либерал демократик партия аъзоси Б.Холматов, “Адолат” партияси аъзоси Ҳ.Юнусова ҳамда 2017 йилдан Америка қўшма штатларида яшаётган С.Азимоваларнинг номзодини уларнинг розилигисиз ва хабарисиз Экологик партиядан Халқ депутатлари Учтепа тумани Кенгаши депутатлигига номзод сифатида кўрсатиб, сайлов ҳужжатларига сохта маълумотлар киритишганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан 23.12.2019 йилда Жиноят кодексининг 146-моддаси ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






