23 декабрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Лаззатли Ўзбекистон» кулинар энциклопедиясининг тақдимот маросими ўтказилди.
Ушбу лойиҳа Президентимизнинг 2019 йил 5 январдаги «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги» Фармони ҳамда 2018 йил 7 февралдаги «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризмни Ривожлантириш Давлат Қўмитаси томонидан туризм соҳасидаги жамоат ташкилотларини институционал қўллаб қувватлаш учун ажратилаётган маблағлар доирасида, Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси ва Ўзбекистон Гастрономик Туризми ассоциацияси ҳамкорлигида амалга оширилди.
Уч тилли энциклопедиянинг биринчи тиражи кулинария соҳаси вакиллари, туризм ва ошпазлик йўналишида фаолият олиб борувчи мутахассислар ҳамда талабалар эътиборини қозониб, катта қизиқиш уйғотди.
Эслатиб ўтишимиз жоизки, мазкур китоб шу йилнинг 6-8 ноябрь кунлари Халқаро Кулинар Чемпионати доирасида Хорижлик меҳмонларга тақдим этилиб, дунёнинг 20 та давлатидан ташриф буюрган 200 дан ортиқ мутахассислар томонидан юқори даражадаги эътирофга сазовор бўлган эди.






