АсосийSiyosat

Сайловларда қайси партия номзодлари кўп овоз тўплади?

'Сайловларда қайси партия номзодлари кўп овоз тўплади?'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларида чет эл билан бирга ҳисоблаганда 13 963 627 нафар сайловчи иштирок этди ва бу сайловчилар умумий сонининг 67,8 фоизидан иборатдир. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов матбуот анжуманида маълум қилди.

150 минг сайловчи муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди. 

Сайловларда биринчи марта хорижда истиқомат қилаётган барча ватандошларимиз учун овоз бериш имконияти яратилди. Авваллари фақат консуллик ваколатхоналаридан расман рўйхатдан ўтган Ўзбекистон фуқароларигина сайловларда қатнашарди.  Қирққа яқин мамлакатда ташкил этилган эллик бешта сайлов участкасида  112 411 сайловчи овоз берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 150 сайлов округининг 128 тасида депутатлар сайланди. Шу жумладан,

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан – 43 нафар,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан – 35 нафар,

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан – 21 нафар,

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан – 18 нафар,

Ўзбекистон Экологик партиясидан – 11 нафар депутат сайланди. 

Сайлов кодексига кўра, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини, яъни 50 фоиздан ортиқ овоз олган номзод депутат этиб сайланган, деб ҳисобланади. 

Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 22 округларда номзодларнинг биронтаси ҳам етарли миқдорда овоз ололмаганлиги сабабли мазкур округлардан депутат сайланмади. 

Сайлов кодексининг 59-моддасига асосан, агар Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловида сайлов округи бўйича икки нафардан ортиқ номзод қўйилган бўлса-ю, улардан ҳеч бири сайланмаса, округ сайлов комиссияси энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича округда такрорий овоз беришни ўтказиш ҳақида қарор қабул қилади ва бу ҳақда тегишли сайлов комиссиясини ҳамда округ сайловчиларини хабардор этади. Такрорий овоз бериш икки ҳафталик муддатда ўтказилади.

    Бошқа янгиликлар