Сўнгги йилларда оммавий ахборот воситаларида "компьютер жиноятчилиги" тушунчасига борган сари кўпроқ дуч келаяпмиз. Чунки ижтимоий муносабатлар ўзгариши билан янги муносабатлар юзага келиши табиий ҳолдир. Мазкур жиноятга нисбатан эътиборнинг ортиши бежиз эмас. Зотан, бугунги кунда ҳар қандай соҳани — ахборот, алоқа, савдо-саноат, банк ва биржа операциялари хамда бошқа фаолият турларини компьютерларсиз тасаввур этиш мушкул.
Ҳозирги кунда жамиятнинг барча муҳим функция ва вазифалари у ёки бу даражада компьютер, интернет тармоқлари ва ахборотларига боғлиқ. Айниқса, компьютерларнинг молия-иқтисод соҳасига таъсири кучли. Мазкур соҳада нафақат компьютер маълумотлари, балки оддий банкнотлар билан тенг қийматга эга бўлган "электрон пул" маблағлари қўлланмоқда. Пул ва бойлик муомалада бўладиган соҳада эса, уларни ўзлаштириш учун қонунни бузишдан ҳам тоймайдиган жиноятчилар ҳар доим ҳам топилади. Демак, ўзгалар мулкини компьютер воситаларидан фойдаланиб талон-торож қилиш бугунги кунда дунёда шиддат билан ривожланиб бораётган ҳамда чек-чегара билмайдиган жиноят экани билан ҳам хавфлидир.
Осон ҳамда даромадли экани боис, мазкур жиноятлар янада хавфли тус олмоқда. БМТ жиноятчилик бўйича қўмитасининг ушбу жиноятларни терроризм ва гиёҳвандлик билан бир ўринга қўйиши бежиз эмас. Ўтказилган ижтимоий сўровлар, суд материаллари ва олимларнинг кузатувлари таҳлили дунё ҳамжамияти компьютер воситаларидан фойдаланиб содир этиладиган жиноятларга қарши курашда жиддий муаммога дуч келаётганини кўрсатади. Ривожланган мамлакатларда кибержиноятчилик минглаб ҳуқуқбузарликлар билан, унинг иқтисодий зарари эса миллиардлаб АҚШ доллари билан ўлчанмоқда.
Шундай қилиб, компьютер ахборот тизимларининг жамият ҳаётидаги ўрни, улардан фойдаланиш кўламининг ошиб бораётгани, давлат бошқарув органлари фаолиятига ҳам компьютер тармоқ ва тизимларининг жадал кириб келаётгани ушбу тизимлар ва ахборотларни жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш муаммосини юзага келтиради.
БМТ экспертлари томонидан билдирилган тавсияларга кўра, компьютер жиноятчилиги сирасига компьютер ахбороти ёки унинг муҳофазаси соҳасида содир этиладиган, шунингдек, компьютер технологияларидан фойдаланиб содир этиладиган жиноятлардур.
Компьютер жиноятчилиги фақат ўзгалар мулкини талон-торож қилишнигина эмас, балки электрон вирусларни тарқатиш ва бошқа жиноий ҳаракатларни ҳам қамраб олади. МДҲ давлатлари миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, сўнгги йилларда зарарли дастурлар тарқатилиши одатий ҳолга айланиб қолди. Биргина Россияда ҳар ойда иккитадан ўнтагача янги вирус тарқалади. Фақатгина 2018 йилда компьютер вируслари 100 миллиард доллар атрофида зарар етказгани аниқланди.
Ўтказилган тадқиқотларга кўра, компьютер жиноятчилиги, ҳам миқдор, ҳам сифат жиҳатидан шиддат билан ўсиб бормоқда. Демак уларга қарши курашда услубларини ва қонунчилик базасини такомиллаштириб бориш зарур.
Дарҳақиқат, компьютер жиноятчилиги бир қатор ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, бу уларни жиноятчиликнинг алоҳида гуруҳига умумлаштириш имконини беради:
- тажовуз объектининг хилма-хиллиги;
- компьютер технологиялари ва маълумотларининг жиноят объекти ва айни дамда жиноят содир этиш усули сифатида намоён бўлиши;
-жиноий тажовуз предмети ва усулларининг турли-туманлиги;
- компьютернинг жиноят предмети ёки жиноятни содир этиш воситаси сифатида намоён бўлиши.
Шу маънода, компьютер жиноятчилигини алоҳида гуруҳга ажратиш мақсадга мувофиқ, деган хулосага келишимиз мумкин.
Компьютер жиноятчилиги мазмунан кўплаб жиноятларни қамраб олади. Улар орасида ўзгалар мулкини компьютер воситаларидан фойдаланиб талон-тарож қилиш алоҳида ўрин эгаллайди. Ушбу жиноятларнинг компьютер жиноятчилиги тизимидаги улуши улкан бўлиб, уларни тадқиқ этишни компьютер жиноятчилиги таснифидан бошлаш маъқул. Бу мазкур жиноятларнинг компьютер жиноятчилиги тизимидаги ўрнини аниқ-равшан англаш учун муҳимдир.
Кибержиноятчилик деб аталадиган компьютер жиноятчилиги бугунги жамиятимиз учун йирик муаммо. Ривожланган мамлакатларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тўқнашаётган энг катта муаммо компьютер технологияларидан фойдаланиб содир этиладиган жиноятлардур.
Компьютер жиноятчилигини икки тоифага ажратишимиз мумкин:
а) компьютердан жиноий фаолиятни амалга оширишда ёрдамчи восита сифатида фойдаланиладиган жиноятлар (масалан, сохта гувоҳнома ясаш, муаллифлик ҳужжатларини ишлаб чиқариш ва ҳ.к.з.);
б) компьютердан маълумотни ўғирлаш ёки бузиш, банкка ҳужум қилиш, қонунга хилоф пул операцияларини амалга ошириш, кредит карточкалари рақамларини ўғирлаш мақсадларида ҳамда жиноят қуроли сифатида фойдаланиладиган жиноятлар.
Компьютер жиноятчилигида компьютерни жиноят объекти ҳамда жиноят воситаси, деб икки турга ажратсак бўлади. Биринчи ҳолатга компьютер ва унинг қурилмаларини ўғирлаш, хакерлар ҳужуми ва турли вирус ва зарарли дастурларни тарқатиш; иккинчи ҳолатга эса, порнографик маҳсулотлар ва ноқонуний компьютер дастурлари реализацияси, интернетда ўзгалар мулкини ўзлаштириш мақсадида фирибгарлик қилиш, шунингдек, ноқонуний олинган даромадни легаллаштириш кабилардир.
Хитой Халқ Республикаси шимоли-ғарбий сиёсий-ҳуқуқшунослик университети Жамоат хавфсизлиги институти директори профессор Хуэй Шень Ву, ўз илмий тадқиқотида компьютер жиноятларининг қуйидаги турларини кўрсатиб ўтади:
1) тармоқ орқали ҳужум қилиш ва компьютер тизимларига зарар етказиш: хакерлик аралашуви, компьютер вирусларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш, компьютерда сақланадиган маълумотларни ўзлаштириш;
2) тармоқ фирибгарлиги – жиноятчилар жабрланувчилардан пул ундириш мақсадида интернет орқали ёлғонлиги олдидан маълум бўлган маълумотлардан иборат бўлган даромадли таклифлар киритадилар;
3) компьютер тизимларига ноқонуний кириш орқали молия муассасаларидан пул маблағларини ўзлаштириш. Ушбу жиноятнинг асосий объекти пул маблағлари, банк ҳисоб варақаси ва бошқа молиявий ҳужжатлардир. Статистик маълумотларга қараганда, дунёда кредит карталаридан пул маблағларини ўзлаштириш миқдори бир йилда юз миллион АҚШ долларидан ошмоқда; кўп ҳолларда бундай жиноятчиликнинг уюшган ҳолда содир этилиши кузатилади;
4) онлайн тизимида қизғин ўйинлар ташкил этиш ва Интернет орқали шаҳвоний тусдаги хизматларни реклама қилиш;
5) муаллифлик ва турдош ҳуқуқларга тажовуз қилиш, яъни интеллектуал мулкка қарши компьютер жиноятлари;
6) давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни талон-торож қилиш, яъни давлат хавфсизлигига қарши компьютер жиноятлари;
7) маълумот тарқатиш: порнографик маҳсулотларни, расизм ва миллатлараро низоларни келтириб чиқарувчи маълумотларни тарқатиш ва бошқалар;
8) фуқароларнинг шахсий ҳаётига тажовуз қилиш.
Ахборот ва тармоқ технологиялари кескин ривожланаётган ҳозирги даврда шахсий ҳаёт янада ошкоралашмоқда, шахсни шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ёлғон маълумотларни тарқатиш, туҳмат қилиш, ҳақорат кабилар одатий ҳолга айланиб қолмоқда. Демак, жиноятларнинг олдини олиш ва уларнинг содир этилишига йўл қўймаслик ва бу борада эндигина ҳаётимизга кириб келаётган муносабатларда юзага келадиган жиноятларни ҳам ўрганиш бизнинг асосий вазифамиздир.
Чунки бугунги кунда компьютер воситаларидан фойдаланиб содир этилаётган жиноятлар бизнинг мамлакатимизда ҳам реал хавф манбаига айланиб бормоқда. Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида ушбу жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгилаш механизмини такомиллаштириш давр талабидир.
Қличев.У.В., ИИВ тезкор-қидирув ҳамкорлиги бошқармаси
Ахборот технологиялари соҳасида жиноятларга қарши курашиш бўлими
Ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакил, подполковник






