Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи арафасида Сурхондарё вилояти, Шўрчи туманидаги 43-умумий ўрта таълим мактабига япониялик археолог Кюдзо Като номи берилди.Шу муносабат билан ташкил этилган тадбир жорий йилнинг 17 декабрь куни ўтказилди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев, Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Като Кюдзо (1922 йил 18 май – 2016 йил 11 сентябрь) – япониялик археолог, антрополог, тарихчи ва этнограф. У Ўзбекистоннинг тарихи ва қадимий обидаларини ўрганган. Археолог узоқ йиллар давомида Ўзбекистон фанлар академияси билан ҳамкорлик олиб борган. Сурхондарё вилоятидаги (Далварзинтепа, Қоратепа, Холчаён, Фаёзтепа) археологик қазишмаларида қатнашган.
Като Кюдзо мамлакатимиз тарихини Японияда оммалаштирган. Шунингдек, у Марказий Осиё ва Сибирь ҳақидаги ўнлаб китобларнинг муаллифи. Ўзбекистонга бағишланган турли симпозиум ва кўргазмаларни ташкил этган. Амир Темур, Бобур, Мирзо Улуғбек ва бошқа улуғ мутафаккирларимиз асарларини япон тилига таржима қилган. Марказий Осиёда, айниқса ватанимиз жанубида буддизм маданиятини ўрганган.
2002 йилда халқимизнинг бой тарихи, қадимий ёдгорликлари ҳамда маданий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва хорижда тарғиб қилишдаги катта хизматлари, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги илмий алоқаларни ривожлантиришга қўшган самарали ҳиссаси учун Кюдзо Като “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.
- Като Кюдзо узоқ йиллар давомида Шўрчи туманида археологик фаолият юритганлиги боис унинг номи 43-умумий ўрта таълим мактабига берилди. Афсуски, япон тилига катта қизиқиш бўлишига қарамай, шу пайтгача мактабларимизда бу тил ўқитилмаган, - дея таъкидлади Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев. - 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Като Кюдзо номидаги мактаб ўқувчилари инглиз тили билан бирга япон тилини ҳам ўрганиш имкониятига эга бўлади. Кейинги ўқув йилидан бошлаб, япон ва инглиз тилларига ихтисослаштирилган ёш археологлар мактабига айлантирилади.
Шу билан бирга, мактабда Като Кюдзо музей - хонаси ташкил этилади. Бу ерга ташриф буюрганлар япониялик олим ҳаёти ва фаолияти билан танишиш имкониятига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим муассасаларида хорижий тилларни ўқитишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Қарорга кўра, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 15 та япон тилига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасалари ташкил этилади. 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, бешта мактабда япон тили ўқитилади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, япон тилини ўқитиш методологияси ва дарсликларини яратиш мақсадида Япониянинг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатишни режалаштирган.






