АсосийJamiyat

Россиядаги ватандош: "Бизга Ситининг кераги йўқ, светни ўчиришмасин, илтимос"

'Россиядаги ватандош: "Бизга Ситининг кераги йўқ, светни ўчиришмасин, илтимос"'ning rasmi

Блогер  Шокиржонов канали ботига Ўзбекистонда аёлини икки фарзанди билан қолдириб ўзи Россияда ишлаётган эркакдан келган мурожаатни жойлабди. 

"Мен Жўрабек Нормуродов, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳриданман. Ҳозирда Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида меҳнат қилиб оиламни, рўзғоримни тебратяпман.  

Мурожаатим шундан иборатки, ҳозир турмуш ўртоғим Термиз шаҳрида Авлоний маҳалласида яшаяпти. Ўзимиз гарчи шаҳарда турсак-да, доим электр токи ўчиб туради.  

Икки нафар фарзандим бор. Биттаси — 3 ёш, иккинчиси — 3 ойлик. Ўзингиз яхши биласиз, ёш болаларни совуқда касал қилиб қўйиш жуда осон.  

Яқинда бўлган воқеани баён қиламан.  

12 ноябрь куни тунда тахминан соат 22:00 ларда свет ўчиб қолган. Турмуш ўртоғим тунги соат 2:00 гача светни келишини кутган. Менга интернет орқали қўнғироқ қиляпти «вазият шунақа, свет йўқ, уйлар музлаб қолган, нима қилай», деб. Аксига олиб, телефонининг ҳам қуввати кам экан телефони ўчиб қолди.  

Тунда кимга телефон қилишни, кимдан ёрдам сўрашни билмай икки соат юрак ҳовучлаб ўтирдим. Турмуш ўртоғим иккита ёш бола билан кўчага зўрға чиқиб, машина тўхтатиб онасининг уйига етиб борибди. Бунақа ҳолат ҳар куни давом этаяпти.  

Электрни пулини ўз вақтида тўлаб бораётган бўлсак нима сабабдан ўчиришади?! Биз қайси асрда яшаяпмиз ўзи? XXI асрда ҳам шаҳарда свет бўлмаса?!  

Яқинда хабарлардан ўқиб қолдим: Термизда ҳам Сити қурилармиш... Бизга Ситини кераги йўқ, светни ўчирмасин, илтимос.  

Зора, шу ёзганларим мутасаддиларга етиб борса. Токи аёлларимиз тунда ёш болалари билан кўчама-кўча, уйма-уй сарсон бўлмасин..."

    Бошқа янгиликлар