АсосийJamiyat

Азиз Абдуҳакимов: “Юксак даражадаги эътибор ва меҳмондўстликни кафолатлаймиз!”

'Азиз Абдуҳакимов: “Юксак даражадаги эътибор ва меҳмондўстликни кафолатлаймиз!”'ning rasmi

Бугун Ўзбекистон ҳар жиҳатдан жаҳонга юз очмоқда. Жаҳон ҳам ўз навбатида Ўзбекистонни янгидан кашф этаётир. Яқинда Россиянинг машҳур оммавий ахборот воситаларидан бири – “Российская газета” нашри мухбири Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўрибонсари Азиз Абдуҳакимов билан суҳбатлашди. 

“...Суҳбатимиз Самарқанддаги қадимий мадраса деворлари ёнида, 23 мамлакат вакиллари иштирок этаётган халқаро ярим-марафон пайтида бўлиб ўтди. Бош вазир ўринбоосари вақти-вақти билан узр сўраб, саҳнага чиқар, навбатдаги ғолибларни тақдирларди. Илк савол ҳам марафон ҳақида бўлди:

– Бу бир марталик акциями ё тез-тез ўтказиб  туриладими? 

Ҳар куни деса ҳам бўлади. Биз Ўзбекистонни фестиваллар мамлакати деб эълон қилдик. Шу боис, юртимизнинг у ёки бу шаҳрида ҳар доим қандайдир тадбир ўтказилади: халқаро турнирлар, фольклор байрамлари, ҳунармандлар кўргазмаси, конференциялар, танловлар...

Дунёга очиқлик ҳақилаги гаплар ҳам шунчаки расмиятчилик учун эмас. Илгари фақатгина 9 давлат фуқаролари Ўзбекистонга визасиз келиш имконига эди, бугунги кунда бундай давлатлар сони 86 тага етди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилга бориб, Ўзбекистонга 10 миллиондан ортиқ меҳмон келиши мумкин. 

Қонунчилигимизда ҳам инқилобий ўзгаришлар юз берди. Масалан, чет эл фуқароларининг Ўзбекистонда бўлиши билан боғлиқ чекловлар олиб ташланди. Илгари улар ўз яқинлари, қариндошларининг уйларида қолишлари мумкин эмасди. Рўйхатга олиш тизимининг ўзи ноқулай эди. Эндиликда сиз рўйхатдан ўтмоқчи бўлсангиз, бунинг учун интернетда бир неча дақиқа сарфлаш кифоя қилади. 

- Мен Ўзбекистонга аввал ҳам кўп келганман. Меҳмондўстлик ўз йўлида, аммо, хизмат кўрсатиш тизимида жуда кўп муаммолар бор эди...

- Ҳақсиз. Бу тизимда ҳам катта ўзгаришлар юз беряпти. Илгари ресторанлар тунги соат 11 гача ишлаган бўлса, энди то сўнгги мижоз чиқиб кетгунча ёпилмайди. Меҳмонхоналарда ҳам муайян чекловлар бор эди. Машинани ижарага олиш деярли имконсиз эди. Ҳозир буларнинг барчаси учун худди Европа ёки Россиядагидек йўл очиқ. 

Бугун меҳмондорчилик инфратузилмасини сифатли интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бугун исталган меҳмонхона, кафе ёки ресторанларда интернетдан фойдаланишдан бирор чекловни кўрмайсиз. МДҲ давлатларида биринчи бўлиб яна бир янгиликка қўл урдик. Эндиликда уч ёки тўрт юлдузли меҳмонхона қурмоқчи бўлган сармоядорларга қўйилган сармоянинг 15-25 % маблағи давлат томонидан қайтариб берилади. Бу дастур ишга тушганида, юртимиздаги барча меҳмонхонадаги номерлар сони 28 мингтани ташrил қилган бўлса, бугунги кунда 44 мингтага етди. Биз яна 600 та янги меҳмонхона қуряпмиз. 

Бизга туристларни олиб келадиган чартер рейсларни ташкил қилувчи хорижий авиакомпаниялар учун ҳам компенсация тизимини ташкил қиляпмиз. Биз ҳар бир йўловчи учун уларга 20 доллардан қайтарамиз. 15 ноябрдан 15 февралгача бўлган суст мавсумда ҳар бир меҳмон учун 50 доллардан маблағ қайтариб берилади. 

Бухоро, Қарши, Термиз, Нукус аэропортларига хорижий авиакомпаниялар учун бирламчи шартларсиз, эркин парвозларни амалга ошириш имконини берувчи “Очиқ осмон” дастури амалга оширилмоқда. 

– Булар-ку яхши, лекин шунча туристга сифатли хизмат кўрсатиш учун одамларни қаердан оласизлар? 

Биринчидан, биз франшиза тизими асосида жаҳон андозалари даражасида хизмат кўрсатувчи меҳмонхоналарни таклиф қиляпмиз. Масалан, бизга "Hilton", "Radisson", "Hyatt" сингари дунёвий брендлар кириб келди. Бундан ташқари ҳар бир вилоятда туризм соҳасига кадрлар тайёрлайдиган касб-ҳунар коллежлари ишлаб турибди. Самарқандда “Ипак йўли” халқаро туризм университети очилди. Кўпгина отелларимизда хориждан мутахассислар таклиф қилинган. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида туризм юқори даражада тараққий этган Туркия, Япония, Жанубий Корея, Испания, Франция сингари мамлакатлардан маслаҳатчилар ишлаб турибди. 

– Тоғ-чанғи курорти ҳақида ҳам савол бермоқчи эдим. Наҳотки, Тошкентдан бир соатлик масофада чанғида учиб роҳатланиш мумкин бўлса? 

- Сиз декабрь ойида келинг: Чимён тоғларида жаҳон андозаларидаги Тоғ-чанғи маркази очилади. Биз бу ишга тизимли равишда киришганмиз. Дастлаб давлат миқёсида муайян туманнинг табиат билан уйғунлиги, экололик талабларга жавоб бера олиши, меъморий ечим даражаси юқорилиги инобатга олинган ҳолда, лойиҳалаш ишлари амалга оширилади. Кейин эса, ишни хусусий сектордаги пудратчиларга топширамиз.

– Сиздаги “Амирсой”ни улуғвор Альп курортлари билан солиштириш мумкин бўлармикин?

- :Бизнинг тоғларда қор ноябрнинг ўрталаридан то апрелнинг ўрталаригача туради. Биз Куршевель тажрибасидан келиб чиқиб, ҳатто мавсумнинг қоқ палласида ҳам тепага кўтарилаётган сайёҳлар учун тирбандликни камайтириш тизимини яратдик. Бизда энди бундай курортлар тармоғи мунтазам ишлайди. 

–Биз ҳозир сиз билан қадимий Самарқанднинг қоқ марказида суҳбатлашиб турибмиз. Бундан ташқари Бухоро, Хива, Шаҳрисабз сингари шаҳарларингиз бор. Яна қандай масканлар хорижликларни жалб қилиши мумкин? 

-  Бугун Термиз ҳам сайёҳларнинг диққат-эътиборини ўзига жалб қилаётир. Кўплаб буддавийлик артефактлари, Искандар Мақдуний даврида қурилган шаҳар-бандаргоҳ, Кушон, Юнон-Бақтрия давлатлари ёдгорликлари, тоғлар, ғорлар, водийлар, шаршаралар ҳам томошабинларни бефарқ қолдирмайди. Шифобахш булоқлар суви турли касалликларга даво бўлади. 

Биз ҳар бир сайёҳ бу ерда ўзи истаганидек ҳордиқ чиқариши, завқ олиши учун бир қатор сайёҳлик ҳизматларини таклиф этяпмиз: Тоғ-чанғи курортлари, зиёрат туризми, этнотуризм, экотуризм, гастрономия, агротуризм…

–Агротуризм? Шунақаси ҳам борми? Биринчи марта эшитиб туришим...

–Бу жаҳон сайёҳлик индустриясининг ўзига хос йўналиши. Бу йўналиш ривожланган мамлакатларнинг урбанизациялашган аҳолисини табиатга яқинлаштириш учун мўлжалланган. Масалан, Хитойда айрим ўқувчилар ҳатто помидорлар ҳам фабрикада тайёрланади, деб ўйлашаркан. Далага чиқиб, экин экиш ёки ҳосилни йиғиб-териш олиш жараёни билан қизиқувчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади. 

Ёки, этнотуризмни олайлик. Бизда шундай маҳаллалар ёки қишлоқлар борки, меҳмонлар бу ерда маҳаллий аҳоли хонадонларида ётиб қолишлари ҳам мумкин. Тўғри, мавжуд қоидаларга кўра бу хонадонлар қатъий гигиена талабларига жавоб бериши лозим. Шунинг учун ана шундай хизмат кўрсатмоқчи бўлган фуқароларимизга давлат томонидан уйларни жиҳозлаш, маииший техника сотиб олиш учун кредитлар ажратилмоқда. 

Энди биз бемалол туризмдан келадиган фойдани пахта экспортидан тушадиган маблағ билан солиштириш мумкин. Биз туризмдан келадиган даромадлар даражасини илк бор миллиард доллардан оширдик. Мақсадимиз бу кўрсаткични – икки ярим миллиард долларга етказиш. 

–Сизнинг нисбатан нотинч давлатлардан бири – Афғонистон билан чегарадошлигингиз туризм ривожи учун қандай таъсир қилиши мумкин? 

Амударё ортида барқарор иқтисодиёт ва замонавий ижтимоий тизимга эга, осойишта давлат бўлишини истаймиз ва имкон дарасида бунга эришишга интиламиз. Масалан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Термизда афғон ёшларини ўқитадиган замонавий марказ ташкил қилинди. Ёшлар бу ерда ўқитувчилик, шифокорлик, қишлоқ хўжалиги ва ахборот технологиялари сингари соҳаларда таълим олишади. Бу лойиҳа бир қатор донор мамлакатларни ҳам қизиқтириб қўйди ва улар бунга мураккаб вазиятдан чиқиш йўли сифатида қарамоқдалар. 

Чегара ҳудудда икки давлат фуқаролари ўз маҳсулотларини бемалол сотишлари мумкин бўлган савдо ҳудудини ташкил қилдик. Бу ерда автомашинадан тортиб михгача сотиш ёки сотиб олиш мумкин. Шунингдек, чегарада биз афғонлар соддалаштирилган виза тизими воситатасида келиб, тиббий текширувдан ўтишлари ёки даволанишлари мумкин бўлган тиббиёт марказини очдик. 

Яқинда “Валдай” халқаро баҳс клуби ўзининг 10-конференциясини Самарқандда ўтказди. Кўпгина мамлакатлардан Ўзбекистонга нуфузли экспертлар тўпланди – бу эса, танлаган йўлимиз тўғрилигини яна бир карра исботлади. 

Мен “Российская газета” ўқувчиларининг барчасини Ўзбекистонга таклиф этаман. Биз юксак даражадаги эътибор ва меҳмондорчиликни кафолатлаймиз”. 

 

    Бошқа янгиликлар