"Холис фикр" телеграм канали Тошкент—Термиз автомагистралидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ)нинг тенг ярми ишламаяптгани ҳақида хабар бермоқда. Унинг фикрича, ишлаганлари ҳам нари борса 6-7 соат газ қуяди-да, кейин дарвозаларини тамбаламоқда.
Бу ҳолат 2018 йил декабридаги манзараларни эсга солмоқда. Хотирангиздан кўтарилмаган бўлса, ўшанда шу каби узундан-узун навбатлардан кейин газ нархи оширилганди, дейди болгер.
Унинг эшитганларича, АГТҚШда узилашлар ўтган ҳафта охирларида бошланган. Сабабини тадбиркордан билишининг иложи бўлмаган. Компрессорчилар бўлса лимит тугаб қолаётганини важ қилган.
- Қизиғи, лимит деганлари истеъмол талабидан келиб чиқиб, белгиланмайдими?! Ҳар ҳолда, бизга “Ўзтрансгаз” АЖ масъулларининг ҳар йили 1 сентябрга қадар истеъмолчиларнинг зарурий газ ҳажмлари тўғрисидаги талабномалари йиғилиб, келгуси йил учун лимит “ишлаб чиқиш” ҳақидаги гаплари ёд бўлиб кетган...
Тадбиркор тадбирли бўлишаркан. Айрим “заправка”ларда вазиятдан келиб чиқиб, пул қилишнинг янги йўллари ихтиро қилинибди. Масалан, Оқ олтин туманидаги “Gaz Invest Group” МЧЖГа тегишли АГТКШнинг битта калонкаси гўёки ишламайди. Олдига кичик ўт ўчириш баллончаси қўйиб қўйилган. Бу ерда хос йўлакдан келган махсус машиналарга газ қуйилади. Шундай машиналар эгасидан бунинг сирини сўрасам, секин бориб, беш минг қистирсам, вассалом эмиш.
Бундай қилмай адашибман. Оператордан бу “имтиёз” ҳақида сўрасам: “Сен кимсан?! Бориб, навбатингни кут!” деган жавобни олдим, дейилади каналда.
Шунингдек:
"Истеъмолчилар талаби бир тийин, айниқса, монополлар учун. Вазиятга изоҳ бермаётган “Ўзтрансгаз” АЖ ҳам “Сен кимсан?!” дея ўдағайламасайди..." — дея хулоса қилган блогер .






