Жорий йилнинг 28 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида “XXI асрда гендер ва ёшлар масалалари бўйича шерикликни ривожлантириш” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизмати хабар қилди.
Халқаро форумда 50 дан зиёд хорижий ва 100 га яқин маҳаллий экспертлар иштирок этади.
Форумнинг 3 та шўъбаси доирасида гендер тенгликни таъминлаш ҳамда аёллар ва ёшлар имкониятларини кенгайтириш бўйича таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш, бу борада қабул қилинган янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан халқаро жамоатчиликни таништириш, хорижий тажрибани ўрганиш ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш назарда тутилган.
Тадбир Ўзбекистон Республикасининг гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Сенатнинг 21-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун маъқулланди.
Ўзбекистон тарихида биринчи марта Гендер комиссия тузилди.






