2019 йил 24 ноябрь куни тахминан соат 11:30 ларда фуқаро 24 ёшли О.А. бошқарувидаги «ИСУЗУ» русумли юк автомашинаси билан Бухоро шаҳар Дўстлик кўчасидан ўтувчи А-380 автомобиль йўлининг 218 км.дан Газлишоҳ кўчасидаги айланма йўл томонга ҳаракатланиб йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.
У пиёдалар ўтиш жойидан ҳаракат йўналиши бўйича йўлнинг чап томонидан ўнг томонига кесиб ўтаётган пиёда 51 ёшли Т.Б. ва унинг турмуш ўртоғи 49 ёшли Ю.Ё.ларни автомашинанинг олд томони билан уриб юборган.
Оқибатда Т.Б. ҳодиса жойида ва Ю.Ё. эса РШТЁИМ Бухоро филиалида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 24 ноябрь куни Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан фуқаро О.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига олиб келган, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.






