АсосийJamiyat

Тошкент вилояти автомобиль йўллари ёқасига чиқиндилар учун махсус идишлар ҳамда ахборот йўл белгиси ўрнатилди

'Тошкент вилояти автомобиль йўллари ёқасига чиқиндилар учун махсус идишлар ҳамда ахборот йўл белгиси ўрнатилди'ning rasmi

Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорлигида Тошкент шаҳри ва Бўстонлиқ туманларини боғловчи 4R 12 Бектемир–Чорбоғ автомобиль йўллари ёқасига тажриба тариқаси чиқиндилар ташлаш учун 4 та жой ажратилиб, бу жойлар махсус идишлар билан жиҳозланди. 

Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизматининг хабар беришича, ҳайдовчиларга чиқинди ташлаш учун жой борлиги тўғрисида ахборот бериш мақсадида 6.15 «Чиқинди йиғиш» йўл белгиси ўрнатилди.

Маълумот учун, автотранспорт воситаларидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 123-моддасига асосан ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва уни содир этган шахс энг кам иш ҳақининг бешдан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима билан жазоланади.

Шунингдек, Давлат экология қўмитаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Бектемир «Шарқ» постидан Ангрен шаҳри орқали Қамчиқ довонинг Наманган вилояти чегарасигача бўлган А 373-а йўлининг четларига 17 та жойга жами 34 та 6.15 «Чиқинди йиғиш» ва 17 та 7.2.1 «Таъсир оралиғи» йўл белгилари ҳамда 25 та чиқинди контейнерларини ўрнатиш кўзда тутилган.

    Бошқа янгиликлар