Бугун, 23 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, ўзбек журналистикасининг кўзга кўринган вакилларидан бири Маҳмуд Саъдий 80 ёшида вафот этди.
Маҳмуд Саъдий ўзига хос мактаб яратган тажрибали ижодкор, иқтидорли мунаққид ва кўзга кўринган таржимон эди. Ўзбек адабиётининг энг долзарб муаммолари таҳлилига бағишланган кўплаб мақола ва тадқиқотлари орасида унинг адабий-танқидий мақолалар ва суҳбатларни ўз ичига олган “Теран томирлар” китоби алоҳида ажралиб туради. У Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети талабалари учун “Таҳрир санъати” ўқув дастурини яратди.
“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 15 йил” кўкрак нишони билан мукофотланган. Жорий йилда эса “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.






