Шу кунларда Олий Мажлис Сенати аъзолари ёшларни парламент юқори палатаси фаолияти билан яқиндан таништириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш ҳамда ёшларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида ҳудудларда ёшлар билан учрашишмоқда.
Навоий вилояти Кармана туман хокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолариТолибжон Мадумаров ва Рўзи Саидов вилоят ёшлари билан учрашди. Унда Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар ва кўриб чиқилган масалалар мазмун-моҳияти, умуман, Сенат фаолияти юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Шу билан бирга, сенаторлар ёшларда учраётган муаммоларига эътибор қаратиб, навқирон авлоднинг таклифларига қулоқ тутишди. Жумладан, ёш тадбиркорлар имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам жойида ҳал қилиниб, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари томонидан назоратга олинди. Бундан ташқари, мактаб ўқувчиси Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусига доир мактаб ҳудудида “Ташаббус боғи”ни ташкил этишда моддий жиҳатдан кўмак зарурлигини билдирган. Мазкур таклиф юзасидан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши мутасаддиларига тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, ёшлар билан суҳбатда уларни қизиқтираётган бандлик, илмий фаолиятни давом эттириш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш каби масалалар ҳам атрофлича муҳокама этилди.






