Мазкур ҳодиса 11 ноябрь куни кечки пайт рўй берган, дея хабар қилмоқда fontanka.ru.
Шунга кўра, Санкт-Петербургнинг Красногвардейский туман суди ўзбекистонлик 38 яшар меҳнат муҳожирига ҳужумда гумон қилинган уч нафар ўсмирни келгуси йил 12 январга қадар вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига юборди.
19, 17, 16 ва 15 ёшли 4 нафар ўсмир «Ковалево пости» темир йўл бекатида ўзбекистонликка ҳужум қилиб, юзига газ суюқлигини пуркайди. Шунингдек, аёвсиз тепкилаб, 5 маротаба пичоқлайди.
Улар муҳожирнинг қўл телефони ва ичида кийимлари бўлган рюзакини тортиб олган. Ўғирланган буюмлар қиймати 7850 рублдан (122 доллар атрофида) ошмаган бўлса ҳам, муҳожирга жиддий жароҳат етказилади.
Тергов қўмитаси шаҳар бўлими матбуот хизматига кўра, ҳужум «экстремистик кайфиятлар» туфайли амалга оширилган, ўсмирлар ижтимоий тармоқлардаги миллатчилик руҳидаги гуруҳларга кириб тургани аниқланган.
Мазкур ҳужумда иштирок этган тўртинчи қатнашчи озодликни чеклаш чорасидан қутулиб қолган. Унинг 15 ёшда эканлиги айтилмоқда.






