Халқ таълими вазирлиги томонидан “Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мактабдан ташқари таълим тизимининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва муҳокама учун қўйилди.
Унга кўра:
- 2020-2021 ўқув йили учун халқ таълими соҳасида бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда олий таълим муассасаларида “Кутубхоначилик” йўналиши бўйича ажратиладиган квоталар сони оширилади;
- умумтаълим муассасаларида китобхонлик клубларини ташкил этилади ва ўқувчиларни жалб қилинади ҳамда уларни ахборот билан бойитишга ёрдам кўрсатилади;
- “Баркамол авлод” болалар мактабларида оиладан биттадан ортиқ бола борса, уларнинг ҳар бирига ўқиганлик учун ота-оналардан олинадиган тўловлар миқдорининг 70 фоизи, тўгарак аъзоси мактабда ташкил этилган биттадан ортиқ қўшимча тўгаракка аъзо бўлган тақдирда 60 фоизи тўланади;
- “Баркамол авлод” болалар мактаблари ўқувчилари халқаро миқёсида ўтказиладиган кўрик-танловлар ва фестивалларда 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган тўгарак раҳбарлари тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг беш, тўрт, уч баробари миқдорида моддий рағбатлантирилади.
- “Баркамол авлод” болалар мактабларида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўқувчи-ёшлар учун робототехника ва инженерлик, ментал арифметика ва бошқа йўналишлар бўйича замонавий тўгараклар ташкил этилади;
- ота-оналарнинг хоҳишларига кўра икки томонлама шартнома асосида ўқувчилар билан якка тартибда (индивидуал) тўгарак машғулотлари ташкил этиш кўзда тутилган.






