Кеча, 5 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “Ёшлар ижод саройи”да “Лаззатли Ўзбекистон” биринчи Халқаро кулинар чемпионатига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили Шерзод Султанов хабар берди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси в.в.б. Абдулазиз Аққулов, Бутунжаҳон бош ошпазлар ҳамжамияти (WАCS), Бутунжаҳон Ислом пазандалари уюшмаси (WICS) вакиллари, гастрономия ва туризм соҳасидаги маҳаллий ва халқаро экспертлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.
“Лаззатли Ўзбекистон” (Delicious Uzbekistan) биринчи Халқаро кулинар чемпионати жорий йилнинг 6-8 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомаркази”да ўтказилади. Мазкур тадбир Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг институтционал қўллаб-қувватлаши доирасида ташкил этилмоқда.
Тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад – Ўзбекистоннинг миллий таомларини жаҳон миқёсида тарғиб этиш, республикамизнинг моҳир ошпазларини дунёга танитиш, мамлакатимизда гастрономик туризмни жадал ривожлантириш, юртимизга сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳамда “Ўзбек нонуштаси”ни жаҳон брендига айлантиришдан иборат.
Чемпионатни ташкил этишда Бутунжаҳон бош ошпазлар ҳамжамияти (WACS) ҳамда Бутунжаҳон Ислом пазандалари уюшмаси (WICS) ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу чемпионат Бутунжаҳон бош ошпазлар ҳамжамиятининг тадбирлар режасига киритилиб, халқаро чемпионат мақомига эга бўлди.
Чемпионатнинг тантанали очилиш маросими 2019 йил 6 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомаркази”да ўтказилиши кутилмоқда. Унда чемпионатнинг илк мусобақаларига старт берилади.
Уч кун давом этадиган Чемпионатда дунёнинг 30га яқин давлатларидан ташриф буюрган ошпазлар жамоаси бош соврин учун беллашади. Жамоаларнинг ишларини баҳолаш учун 20 кишилик ҳакамлар ҳайъати тузилган бўлиб, улар турли давлатдан ташриф буюрган ҳамда Бутунжаҳон бош ошпазлар ҳамжамиятининг (WACS) экспертларидан иборат.
Мазкур тадбир чемпионатга ташриф буюрган меҳмонлар, маҳаллий ва хорижий ОАВлари вакилларига Ўзбекистоннинг миллий таомлари ҳақида батафсил маълумот бериш, мамлакатимизда гастрономик туризмни жадал ривожлантириш, ўзбек миллий таомлари ва нонуштасини кенг тарғиб қилиш ҳамда юртимизга сайёҳлар оқимини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов:
–Авваламбор шуни таъкилаш лозимки, уч кун давом этадиган мазкур халқаро чемпионатга 30 га яқин хорижий давлатлардан, жумладан АҚШ, БАА, Озарбайжон, Туркия, Жазоир, Ҳиндистон, Покистон, Руминия, Греция, Жанубий Корея, Россия, Мўғилистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа мамлакатлардан 200 дан ортиқ пазандаларнинг иштирок этиши тадбирнинг даражаси ва аҳамиятини кўрсатиб турибди. Бугунги кунда мамлакатимизда айнан туризм соҳасида фаолият кўрсатаётган жамоат ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, муҳтарам Президентимизнинг Фармон ва қарорлари ижроси доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан туризм соҳасидаги жамоат ташкилотлари институтционал қўллаб-қувватланмоқда. Жамоат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун сўнгги бир йил давомида жами 1 млдр. 580 млн. сўм миқдорида маблағлар йўналтирилган бўлса, йил якунига қадар бу кўрсаткични 2,5 млдр. сўмгача етказиш кўзда тутилган. Ушбу тадбир ҳам айнан ушбу қўллаб-қувватлаш дастури доирасида ташкил этилмоқда.
Қувонарлиси, бу каби амалий саъй-ҳаракатлар туфайли ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, биргина Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси томонидан “Лаззатли Ўзбекистон” биринчи кулинар энциклопедияси ва “Ўзбек нонуштаси” қўлланмаси тайёрланди. Қолаверса, туристларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган “Меҳмоннавозлик мактаби” лойиҳаси доирасида туристларга хизмат кўрсатувчи 150 дан ортиқ ходимларнинг малакаси оширилди”.






