АсосийJamiyat

Ботаника боғида назорат кучайтирилади

'Ботаника боғида назорат кучайтирилади'ning rasmi

Бир муддат аввал Телеграм-каналларнинг бирида Тошкент Ботаника боғи илмий муассаса бўлишига қарамасдан, одамларнинг кўплигидан жамоат жойига ўхшаши қайд этилган эди. Муаллиф чиқиндилар, босиб ташланган сўқмоқлар, бузилган мини экотизимлар ишга халал бермайдими, дея савол қўйган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ушбу ҳолатда камчиликлар борлигини тасдиқлаб, бошқарма раҳбарияти томонидан пойтахтда жойлашган Ботаника боғида камчиликлар борлигига эътибор қаратилганини маълум қилди.

“Ушбу ҳудудга кўплаб одамлар келиши, ҳолатни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари назорат қилиши зарурлиги, санузелларнинг ёмон ҳолати ҳамда ҳудудда маиший чиқиндилар кўпайиб кетгани эътиборга олинди“, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ИИББ ушбу ҳудудга икки нафар профилактика инспекторлари ёрдамчиларини бириктириб қўйган. Яқин кунларда уларга скутерлар тақдим қилинади. Шунингдек, яқин орада иккита 360 кенглик даражасида кузатув учун имкон берадиган камералар ва “хавотир тугмаси” ўрнатилади. Бу ташриф буюрувчилар учун бирор бир ҳолат бўйича тезкор тарзда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш имкониятини яратади. Бунинг учун тугма босилса, ИИББ ходими билан видеоалоқа орқали боғланиш ва муаммо ҳақида хабар бериш мумкин.

Шу қайд этиш лозимки, Ботаника боғи раҳбарияти ҳам юқоридаги муаммоларни ҳал қилишга киришиб, ушбу йўналишда ишлар олиб бормоқда.

Шунингдек, хабарда фуқароларга экотизим билан муносабатда эҳтиёткорлик лозимлиги эслатиб ўтилган.

    Бошқа янгиликлар