Президент Шавкат Мирзиёев 31-октябр куни "Банк-молия соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади...
Унда қуйидагилар Ўзбекистон банк тизими кадрлари салоҳиятини ривожлантиришнинг асосий тамойиллари этиб белгиланди:
- кадрлар тайёрлашга нисбатан халқаро стандартларга ва илғор хорижий тажрибага асосланган тизимли ёндашув;
- тижорат банкларининг бошқарув, ўрта ва қуйи бўғин ходимлари меҳнатига уларнинг малакаси, билими ва аниқ иш натижаларидан (КПИ) келиб чиққан ҳолда ҳақ тўлашнинг бонусли тизимини жорий этиш;
- кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг узлуксизлиги, ўқитиш дастурларининг замонавий тижорат банклари томонидан кенг фойдаланилаётган рақамли технологияларга мувофиқлигини таъминлаш;
- тегишли лавозим учун талаб этиладиган малака ва тажрибага эга бўлган бошқарув ходимларини, инвестицион банкинг, лойиҳавий молиялаштириш, хатарларни бошқариш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги мутахассисларни тайёрлашни таъминлаш;
- ўқиётган кадрларга тактик ва стратегик истиқболдаги самарали ишлаш учун зарур билимларни бериш ва кўникмаларни шакллантириш;
- бизнес юритишнинг умумий тамойилларини ва ягона корпоратив маданиятни шакллантириш;
- банк мутахассислари, ўқитувчилар таркиби ва талабаларни банк ишининг аниқ йўналишлари бўйича хорижий банкларда ва таълим муассасаларида ўқитиш ҳамда стажировкадан ўтказиш.
Шунингдек, Банк-молия академияси Ўзмиллийбанк тасарруфига ўтказилди.
Маълумот ўрнида:
Банк-молия академияси Президентнинг 1996 йил 2 майдаги ПФ-1460-сон Фармонига асосан ташкил этилган бўлиб, банк, молия, солиқ тизимлари ва иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларининг бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш бўйича, шунингдек кўрсатиб ўтилган соҳаларда илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширувчи давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.






