Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг макроиқтисодий кўрсаткичлар, солиқ-бюджет сиёсати, давлат бюджетининг жорий йилда кутилаётган ижроси ва 2020 йилга мўлжалланган параметрлар муҳокамасига бағишланган йиғилишида 2020 йил бюджетининг харажатлар қисми чуқур таҳлил қилинди.
Жумладан, келгуси йили ижтимоий соҳалар учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳажми ортиши кўзда тутилган. Масалан, соғлиқни сақлаш тизимига йўналтириладиган харажатлар жорий йилдагига нисбатан 18 фоизга, таълим соҳасига – 10 фоизга ва илм-фан ривожига – 47 фоизга кўпаяди.
Қолаверса, таълим, тиббиёт, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, инфратузилмаларни яхшилаш каби йўналишларда 100 га яқин мақсадли дастурлар режалаштирилган.
Аҳолини дори воситалари билан таъминлаш учун 1,3 баробар, болалар спорти дастури учун 3 баробар, геология-қидирув ишлари дастурига 4 баробар кўп маблағ ажратиш мўлжалланган.






