Пенсия жамғармасининг матбуот хизмати жорий йил бошида ҳўжалик юритувчи ва тадбиркорлик субъектларига солиқ юкини камайтириш ислоҳотлари натижасида Пенсия жамғармасига келиб тушадиган маблағлар қанчага камайганлигини маълум қилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш Концепцияси тўғрисида”ги ПФ-5468-сон фармонига мувофиқ, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб:
- фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари бекор қилинди (2019 йилгача фуқароларнинг ойлик даромадидан 8% миқдорида суғурта бадали тўланган);
- давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг обороти (тушуми)дан ундириладиган мажбурий ажратмалар бекор қилинди (2019 йилгача корхона тушумидан 3,2% миқдорда мажбурий ажратма амалга оширилган);
- хусусий корхоналар, шунингдек устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган юридик шахсларга ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилди.
Мазкур берилган енгилликлар натижасида биргина 2019 йилда Пенсия жамғармасига келиб тушиши мумкин бўлган ўрта ҳисобда 9,5 трлн.сўмлик маблағлар ишловчи фуқаролар ҳамда корхона ва ташкилотлар тасарруфида қолдирилди.
Албатта ушбу енгилликлар авваломбор ишловчи фуқароларнинг реал даромадини ошириш, корхона ва ташкилотлар томонидан иш ўринларини легаллаштириш, шунингдек фаолиятларини кенгайтириш ҳамда республикамизда бизнес юритиш учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида амалга оширилган.






