Янгиариқ тумани аҳолисига йўловчи ташиш хизматларини таклиф этаётган “Янгиариқ транс сервис“ МЧЖ “Ипотекабанк” Хоразм вилоят филиалидан 3 йил муддатга, йилига 24 фоиз тўлов асосида 1 млрд.168 млн. сўм пул кредити ҳисобидан, Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган “FOTON CS2” русумли 7 та микроавтобус олиб келди. Бу ҳақида Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.
– Микроавтобусларнинг 4 тасини "Янгиариқ-Урганч" йўналишига, 3 тасида эса туризм йўналиши бўйича Хива шаҳри аҳолиси ва хорижлик меҳмонларга хизмат кўрсатишини режалаштираяпмиз, – дейди “Янгиариқ транс сервис“ МЧЖ раҳбари Жумамурод Қутлиев.
Маълум бўлишича олиб келинган микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилиши билан корхонада қўшимча равишда 10 та ишчи ўрни очилиб, микроавтобуслар томонидан кунига 1500-2000 нафар йўловчиларга хизмат кўрсатилмоқда.
“Хўжабобожон" МЧЖ томонидан эса Халқ банки Гурлан тумани филиалидан 3 йил муддатга 1 млрд. 400 млн.сўм миқдорида кредит олиниб, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ISUZU русумли 4 та автобус сотиб олинди. Харид қилинган автобуслар “Гурлан-Урганч” йўналишига қўйилиши режалаштирилмоқда.






