Жорий йилнинг 23 октябрь куни интернет нашрида ёритилган “Ҳамма пул “Обод қишлоқ”қа йўналтирилган”. Қибрайдаги маҳалла аҳлига берилган ваъда нега бажарилмади?” сарлавҳали танқидий мақола элон қилинган эди.
Унда Қибрай тумани, Чинобод ҚФЙ, Бўстон маҳалласининг “Субҳидам” кўчасидаги қатор муаммолар, хусусан электр энергиясининг кам кучланишлиги ёритилганди. Ушбу ҳолат “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан ўрганилиб қуйидагиларни маълум қилади.
“Субҳидам” кўчасида яшовчи аҳолининг электр энергияси кучланишини ошириш мақсадида қуввати 160 кВА бўлган трансформатор қўшимча ўрнатилмоқда. Бундан ташқари, паст ва юқори кучланишли электр узатиш тармоқларига узунлиги 800 метр бўлган замонавий махсус ҳимояланган электр симлари (СИП кабеллари) тортилмоқда ва уларга қўшимча 3 та фидер қурилмоқда. Шунингдек, жисмонан эскирган симёғочлар ўрнига 10 та темир бетон таянч устунларини олиб борилиб, ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди. Қолаверса, ҳудудда электр тармоқларига тегиб турган дарахт шоҳларидан тозалаш ва чўзилиб қолган электр тармоқларини созлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Бўстон маҳалласининг “Субҳидам” кўчаси аҳолисининг электр таъминоти билан боғлиқ олиб борилаётган ишлар “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан назоратга олинган.
Эслатиб ўтамиз, айни вақтда электр энергияси таъминоти билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан ишга туширилган Call-Марказининг 11-54 рақами ёки Telegram’даги “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ bilan muloqot” канали (👉 @hetmuloqot, @HET_admin) орқали ҳам ўз мурожаатларингизни йўллашингиз мумкин.






