Риштон туманида яшовчи фуқаро М.Маткаримовнинг телефонига 2018 йил 14 октябрь куни SMS хабар келади. SMS хабарда 1 йилдан 5 йилгача муддатга, йиллик 8% дан 16 % гача, 30 % олдиндан тўлов билан автомобиль ва уй-жойларни олиб беришлари айтилган бўлади. Фуқаро SMS хабар бўйича “Умид автолизинг” билан боғланиб керакли маълумотларни олади. 2018 йил 1 декабрь куни Фарғона шаҳридаги “Умид савдо файз инвест” МЧЖда ҳужжатларни тўлдириб автомобилни 3-4 ойда келтириб беришлари шарти билан нақд 33 500 000 сўмни тўлайди. Аммо сал кам бир йил бўлсада автомобилдан дарак бўлмагач, сабр косаси тўлган фуқаро Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади. Бу ҳақда жамиятлар федерацияси бўлим бошлиғи Шерали Саттаров "Даракчи"га маълум қилди.
Фарғона шаҳар жамияти мутахассислари томонидан истеъмолчи мурожаати тегишли тартибда ўрганиш ишлари олиб борилганда, масъулияти чекланган жамият билан 01.12.2018 йилда имзоланган 3/F-10-сонли шартномага асосан “Дамас” русумли автомобиль учун 30 фоизли олдиндан тўловни 33 500 000 (ўттиз уч миллион беш юз минг) сўмни тўлаганлигига қарамасдан автомобилни келишилган муддат, яъни 3-4 ой ичида эмас, балки шу кунга қадар олмаганлиги маълум бўлди.
Жамият ходимларининг ҳаракатлари сабаб куни кеча истеъмолчи М.Маткаримов ижрочи томонидан унинг олдиндан тўлаган маблағи тўлиғича банк пластик карточкасига ўтказиб берилганлигини маълум қилди.






