Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг суд ҳужжатига асосан қарздор А.Болтаев томонидан ундирувчи Д.Ҳайдарованинг фойдасига бир нафар фарзандининг вояга етгунларига қадар моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент пулини тўлаб бориши белгиланган.
Бироқ қарздор А.Болтаев алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган. Шу сабабли Каттақўрғон шаҳар маъмурий судининг қарори билан А.Болтаев Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47(4)-моддаси билан энг кам иш ҳақининг 20 баравари миқдорида маъмурий жарима жазоси тайинланган.
Фуқаро А.Болтаев қўлланилган жарима жазосидан сўнг ҳам ўзига тегишли тегишли хулоса чиқармасдан, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан қасддан муттасил бўйин товлаб келган. Натижада унинг қарздорлиги 9 млн. 138 минг сўмни ташкил этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан фуқаро А.Болтаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






